
Ўзбекистонда олинган диплом 38 та давлатда тан олиниши мумкин
Билимни баҳолаш агентлиги бу бўйича расмий ахборот берди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ноябр ойи бошида Ўзбекистон «Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция»ни ратификация қилганини маълум қилганидан кейин, фуқаролар орасида чет элда берилган дипломларни тан олиш тартиби юзасидан саволлар кескин кўпайди. Айниқса, Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлардаги дипломлар автоматик равишда Ўзбекистонда амал қиладими, деган мазмундаги саволлар ортди.
Бу борада Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий изоҳ бериб, дипломларни тан олиш амалдаги қонунчилик — «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 620-сон қарори билан тартибга солинишини таъкидлади.
Мазкур Низомга кўра, хорижий таълим ҳужжатларини тан олиш белгиланган тартиб асосида амалга оширилади ва фақат алоҳида ҳолларда тўғридан-тўғри, яъни махсус синовларсиз тан олиниши мумкин.
Низомнинг 7-банди ўнинчи хатбошида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олиниши белгиланган.
Глобал конвенция айнан шу механизмни белгилаб, унга аъзо давлатлар ўртасида олий таълим малакаларини ўзаро тан олиш мажбуриятини жорий этади.
UNESCO шафелигида ишлаб чиқилган ушбу конвенция олий таълим соҳасидаги илк глобал ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унинг 4-моддасида иштирокчи давлатлар бошқа аъзо давлатларда берилган дипломларни тан олишини кафолатловчи норма белгиланган.
Ҳозирда 38 та давлат Глобал конвенцияга аъзо. Улар қуйидаги мамлакатлардир: Европа бўйича — Франция, Британия, Финляндия, Норвегия, Швеция, Венгрия, Арманистон, Грузия, Литва, Эстония ва бошқалар; Америкада — Куба, Эквадор, Никарагуа, Уругвай; Африкада — ЖАР, Тунис, Котдивуар, Сенегал ва яна тўрт давлат; Осиёда — Япония, Жанубий Корея, Мўғулистон, Яман, Фаластин; Океанияда — Австралия ва Янги Зеландия.
«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қайд этиш керакки, Глобал конвенция доирасида фақатгина унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида олий таълимга оид малака (диплом)ларни ўзаро тан олиш механизмлари қўлланилади», — дейилади агентлик хабарида.
Ҳозирча Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Глобал конвенция аъзолари қаторида эмас. Шу боис ушбу мамлакатлардаги дипломлар амалдаги тартиб — яъни нострификация жараёни орқали тан олинади.





