Ўзбекистонда қайси соҳа вакиллари энг кўп ойлик олади?

Бугун 13:203 дақиқа

2025 йилда ўртача иш ҳақи сезиларли даражада ўсди, айрим соҳаларда маошлар бошқалардан бир неча баробар юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда қайси соҳа вакиллари энг кўп ойлик олади? © Foto: Stat.uz

2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида иш ҳақи динамикаси сезиларли даражада юқори ўсишни намоён этди. Йил давомида номинал иш ҳақи 18,9 фоизга ошган бўлса, реал иш ҳақи ўсиши 9,3 фоизни ташкил этди. Ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6,4 млн сўмга етди.

Муҳим жиҳати шундаки, 2023 йилдан кейин кўплаб тармоқларда кузатилган ўсиш суръатларининг пасайиши 2025 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан қайта тикланиб, ўсувчи фазага ўтди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган «Меҳнат бозори» шарҳида кўришимиз мумкин.

Энг юқори ва энг паст маошли соҳалар

2025 йил натижаларига кўра, энг юқори ўртача иш ҳақи молия ва суғурта соҳасида қайд этилди — 17,6 млн сўм. Кейинги ўринларни ўртача 15,3 млн сўм ойлик иш ҳақи билан ахборот ва коммуникация хизматлари соҳаси эгаллади.

Аксинча, энг паст маош қишлоқ хўжалиги (3,4 млн сўм) ва ижтимоий хизматлар (4,1 млн сўм) соҳаларида кузатилди. Бироқ айнан шу паст маошли тармоқларда кейинги даврда ўсиш суръатлари тезлашаётгани диққатга сазовор.

1

Қайси тармоқларда ўсиш тезроқ?

2025 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан иш ҳақи ўсишининг жадаллашуви асосан давлат секторида иш ҳақи индексацияси билан боғлиқ бўлди. Маълумот учун, иш ҳақи индексацияси дейилганда — бу иш ҳақини инфляция (нархлар ўсиши)га мос равишда ошириш жараёни тушунилади.

2025 йилда амалга оширилган индексация жараёни айрим соҳаларда иш ҳақи ўсиш суръатининг бошқаларга нисбатан юқорироқ шаклланишига олиб келди.

Жумладан, ташиш ва сақлаш соҳасида иш ҳақи номинал ҳисобда 18,9 фоизга (реал 9,3 фоиз), ижтимоий соҳаларда эса 17,4 фоизга (реал 7,9 фоиз) ошди. Энг паст ўсиш қурилиш соҳасида қайд этилди — номинал 9,1 фоиз, реал эса атиги 0,6 фоиз.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик

Ҳудудлар бўйича таҳлиллар ҳам иш ҳақидаги фарқлар катта эканини кўрсатади. Реал иш ҳақи ўсиши энг юқори Наманган (13,1 фоиз), Сирдарё (11,5 фоиз) ва Жиззах (11,1 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Энг паст ўсиш эса Андижон вилояти (4,6 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (6,2 фоиз) кузатилди.

2

Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қилади — 10 753,8 минг сўм. Кейинги ўринларда Навоий (7 871,6 минг сўм) ва Тошкент вилояти (5 967,7 минг сўм) туради.

Бошқа ҳудудларда кўрсаткичлар қуйидагича шаклланган: Сирдарё — 5 119,1 минг сўм, Бухоро — 5 093,1 минг сўм, Хоразм — 5 052,4 минг сўм, Қорақалпоғистон — 5 003,1 минг сўм, Андижон — 5 238,6 минг сўм.

Нисбатан паст кўрсаткичлар Қашқадарё (4 476,7 минг сўм), Сурхондарё (4 481,8 минг сўм), Фарғона (4 730,2 минг сўм), Самарқанд (4 737,6 минг сўм), Жиззах (4 786,0 минг сўм) ва Наманганда (4 751,3 минг сўм) қайд этилди.

Даромадлар тафовути сақланмоқда

2025 йилда иш ҳақининг юқори ўсиши ички истеъмол ва иқтисодий фаолликни рағбатлантирди. Айниқса, молия, ахборот технологиялари ва хизматлар соҳаларида талаб ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида иш ҳақи ўсиш суръатларидаги фарқлар меҳнат бозорида даромадлар тафовути сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ сўнгги пайтларда юқори маошли соҳаларда ўсиш секинлашиб, паст маошли соҳаларда аксинча тезлашаётгани табақаланиш аста-секин камайиб бораётганидан далолат беради.

Теглар

Мавзуга оид