Logo

Ўзбекистонда самолёт бортидаги қоидаларни бузганларга жарима оширилиши мумкин

Хусусан, Фуқаро авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаган фуқаролар ва мансабдор шахсларга 44 млн сўмгача жарима белгиланиши таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда самолёт бортидаги қоидаларни бузганларга жарима оширилиши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Транспорт вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фуқаро авиацияси қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Муҳокама 24 октябргача давом этади.

Қонун лойиҳаси фуқаро авиацияси соҳасини ислоҳ қилиш, хизматлар сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва соҳани техник жиҳатдан тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Самолёт бортидаги қоидабузарлик учун жарима

Лойиҳага кўра, йўловчи ҳаво кемаси командири ёки унинг номидан иш юритувчи экипаж аъзосининг бортдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаса, унга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, яъни 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача жарима солиш таклиф этилмоқда.

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, жарима БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача — 6,6 млн сўмдан 8,8 млн сўмгача оширилиши мумкин.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 117-моддасида ҳаво кемаси бортидаги шахслар командир ёки экипаж аъзосининг кўрсатмаларини бажармагани учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима белгиланган. Бироқ ушбу қоидабузарликни такроран содир этиш учун алоҳида жазо назарда тутилмаган.

Фуқаро авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаганларга ҳам жарима белгиланади

Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 198-10-модда билан тўлдириш ҳам таклиф этилмоқда. У Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарликни белгилайди.

Таклифга кўра, агентлик кўрсатмаларини бажармаганлик учун:

●     фуқароларга БҲМнинг 20 баравари — 8,8 млн сўм;

●     мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 баравари — 22 млн сўм миқдорида жарима солиниши мумкин.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланса, жарима миқдори фуқаролар учун БҲМнинг 50 бараваригача — 22 млн сўмга, мансабдор шахслар учун эса 100 бараваригача — 44 млн сўмга етиши мумкин.

Ҳозирда қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида. Таклифлар қабул қилиниши ва тегишли тартибда тасдиқланишидан олдин ушбу ўзгартиришлар амалдаги қонунчиликка киритилган деб ҳисобланмайди.

Теглар

Мавзуга оид