Logo

Ҳафта дайжести — муҳим воқеалар шарҳи

Bugun 20:1810 daqiqa

4 миллион 250 минг доллар пора талаб қилган шахс ушланди, судларда ҳукмлар ўқилди, Centrum Air яна жамоатчилик муҳокамаси марказига чиқди. Эркинжон Турдимов бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланди, Миграция агентлигининг собиқ раҳбари Беҳзод Мусаев эса «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси бўлди. Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қарийб 5,5 миллиард долларга камайди, UzAuto’ни хусусийлаштириш масаласи эса яна кун тартибига чиқди.

Centrum Air яна жанжаллар марказида: багажлар қолди, йўловчи рейсдан туширилди

Деярли ҳар ҳафта ёки ойда одамларнинг норозилигига сабаб бўладиган бир масала бор. Бу — Centrum Air. Ушбу авиакомпания ҳақида гап кетса, йўловчиларнинг айтадиган гапи кўп. Самолёт кечикади, йўловчи етиб боради-ю, юки қолиб кетади. Хизмат сифатидан норозиликлар ҳам янгилик эмас. Афсуски, бу муаммолар ҳали-ҳануз такрорланмоқда.

Ўтган ҳафтанинг охирги куни, яъни 4-октябрда Centrum Air йўловчиларининг 100 га яқин багажлари Истанбулда қолдириб кетилгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Маълум бўлишича, авиакомпаниянинг Истанбул–Фарғона рейсида учган йўловчиларнинг 99 та багажи Истанбулда қолиб кетган. Ҳолат бўйича авиакомпания муносабат билдириб, ҳаво кемасига юк ортишда эксплуатацион чекловлар жорий этилгани ва қарор парвозлар хавфсизлиги талабларига қатъий мувофиқ равишда қабул қилинганини айтди.

Компания доимгидек, йўловчилардан юзага келган ноқулайлик учун узр сўраган. Кейинчалик тармоқларда багажини олган йўловчилар муаммо бартараф этилганини айтиб, видео жойлаштирди. Уларнинг айримлари компенсация пули тўлаб берилганини ҳам айтган.

Бу ҳафта Centrum Air компанияси устидан қора булутлар кетмади. 5-октябр куни Centrum Air авиакомпаниясининг Самара–Тошкент рейсига бир йўловчи чиқарилмади. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди ва катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Йўловчининг сўзларига кўра, борт кузатувчиси ундан самолётдан чиқишини сўраган. У нима сабабдан чиқариб юборилганини тушунмаганини айтган.

Авиакомпания матбуот хизматига кўра, йўловчи борт кузатувчисига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган ва унинг ишига халақит берган. Шу сабабли ҳаво кемаси командири уни парвозга қўймасликка қарор қилган. Компанияга кўра, ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳужжатлаштирилган. Авиакомпания мазкур фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Бир жойдан иккинчи жойга учишда сарсон бўлган йўловчи Ўзбекистонга қайтгач, компания ходимлари билан учрашган. Борт кузатувчиси ундан узр сўраган. Айтилишича, ходима ишдан бўшатилган, сарсон бўлган йўловчига эса компенсация пули тўлаб берилган.

Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга қамалди, «Реал Санжик»нинг жазоси ўзгаришсиз қолдирилди

Бу ҳафта жамоатчилик эътиборидаги икки суд иши якунига етди. Деярли уч ой давом этган блогер Сирожиддин Одиловнинг суд иши 5-октябр куни якунланди. Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг ҳукми билан фуқаро Сирожиддин Сайфиддинович Одилов уч фуқарога нисбатан фирибгарлик ва товламачилик жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилди ва 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.

«Реал Санжик» номи билан танилган Санжар Каримовнинг апелляция шикояти бўйича ҳам суд ҳукми ўқилди. 8-октябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида якунланган ишда Санжар Каримовга Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «а» банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Жиноят кодексининг 59–61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган, апелляция шикоятлари эса қисман қаноатлантирилган.

Кутилмаган вазир тайинлови

Бу ҳафта ўзбекистонликлар муҳокама қилган мавзулардан яна бири — янги ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлигига ким раҳбар бўлиши. Тахминлар орасида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, собиқ олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда Ҳилола Умарованинг номлари тилга олинди.

Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди. Расмий изоҳда ислоҳотдан мақсад таълим, тарбия ва илм-фанни ягона тизим асосида бошқариш, таълим сифатини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш экани қайд этилган.

Янги вазирлик ташкил этилиши ортидан аввалги раҳбарлар ҳам бошқа лавозимларга ўтказилди. 2024-йилда олий таълим, фан ва инновациялар вазири этиб тайинланган Қўнғиротбой Шарипов Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори бўлди. 2025-йилда мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлган Эъзоза Каримова Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Юқорида номларини санаган номзодларимиздан ҳеч бири вазир бўлмади. Бу лавозим шу вақтгача Самарқанд ва Сирдарёни бошқарган Эркинжон Турдимовга насиб қилди. Энди Турдимов шунчаки вазир эмас, балки бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири бўлди. Унинг номзоди 9-октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тасдиқланган.

Ҳафтанинг яна бир шов-шувли тайинлови эса Беҳзод Мусаевнинг янги лавозимга тайинланиши бўлди. Миграция агентлигининг собиқ директори Беҳзод Мусаев янги лавозимга тайинланди. У «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси бўлди. Мусаев сентябрь бошида Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилган, унинг ўрнини Ўзбекистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов эгаллагандӣ. Мусаев раҳбарлик қилган даврда агентлик фаолияти, хусусан, Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ масалалар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Мопед ва скутер ҳайдовчиларига гувоҳнома нега керак?

Бугун машина ҳайдаш учун «права» олишнинг ўзи бир кураш бўлиб турган пайтда, энди мопед ва скутер ҳайдовчиларига ҳам гувоҳнома керак. Бу масала икки йилдан бери ўзгариб келади: аввал муддат белгиланди, кейин сурилди, охири А1 тоифаси жорий қилинди. Хўш, бунга нима сабаб? Йўллардаги вазият чиндан ҳам шуни талаб қиляптими?

Мопед ва скутерлар учун гувоҳнома талаби 2024-йилда белгиланган, аммо бир неча бор ўзгартирилган. 2026-йил 1-январдан А1 кичик тоифаси кучга кирди. Уни олиш учун автомактабда ўқиш шарт эмас: мустақил тайёрланиб, имтиҳон топшириш мумкин. 20 та саволдан камида 16 тасига тўғри жавоб бериш керак. «А», «B», «C» ёки «D» тоифаси борлардан эса А1 талаб қилинмайди.

Хўш, бу талаблар нега керак бўлди? Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида мопед ва скутерлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 488 киши жароҳатланган, 89 киши ҳалок бўлган. Қоидабузарликлар сони ҳам кескин ошган: ўтган йилги қарийб 300 та ҳолатга қарши, бу йил 4 312 та ҳолат аниқланган.

Мирзиёевнинг ҳафтаси: Путин билан мулоқот, Туркманистондаги учрашув

Ўтиб бораётган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев нималар билан банд бўлди? Келинг, биргаликда кўриб чиқамиз. 5-октябр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни туғилган куни билан табриклади. Шу куни нефт-газ соҳасидаги йирик лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.

6-октябрда LUKOIL асосчиси Вагит Алекперов ва FAO бош директори билан учрашди. Қиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

7-октябр куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Шундан сўнг Туркманистонга жўнаб кетди. 8-октябрда «Аваза»да Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қатнашди. Унда минтақавий савдо, транспорт, энергетика ва сув ресурслари бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашувда стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Шу тариқа, ҳафта президент кун тартибида энергетика, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари билан ўтди.

Ер учун 4,25 миллион доллар пора талаб қилинди

Ҳозир айтадиган пул миқдоримни сиз билан биз тушимизда ҳам кўрмаганмиз, аммо айримлар уни пора сифатида талаб қилмоқда. 4 миллион 250 минг доллар!

Тошкент вилоятида банк бўлими бошлиғи фуқародан ер майдонларини расмийлаштириб бериш эвазига шунча пул талаб қилган. У сўралган маблағнинг 100 минг долларини олдиндан олаётганида ДХХ ходимлари томонидан қўлга тушган. Гап Қуйи Чирчиқ туманидаги жами 20 гектардан ортиқ ер майдони ҳақида кетмоқда. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UzAuto монополияси тугайдими? Хорижий компаниялар қизиқиш билдирмоқда

Кўпчилик ўзбекистонликлар автомобил бозорида рақобат кучайишини кутаётган бир пайтда, «UzAuto Motors» ва «UzAuto Powertrain» компанияларини хусусийлаштириш жараёни янги босқичга ўтди. Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8-октябр куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида ушбу корхоналарни сотиб олишга АҚШ, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари қизиқиш билдирганини маълум қилди.

Унинг айтишича, хусусийлаштириш ишлари икки йил олдин бошланган. Жараёнга халқаро консалтинг компанияси «Alvarez & Marsal» жалб этилган. Ҳозирда хусусийлаштириш сценарийси ва халқаро савдоларни ташкил этувчи консультантни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичда корхоналар халқаро миқёсда баҳоланади, уларнинг молиявий ва бошқа фаолият кўрсаткичлари текширилади. Шундан сўнг потенциал инвесторларнинг дастлабки, кейин эса мажбуриятли таклифлари қабул қилинади. Энг яхши таклифларни берган инвесторлар билан музокаралар олиб борилади.

Агентлик раҳбари компанияларга қизиқиш билдирилгани улардан бири албатта танланади, дегани эмаслигини алоҳида таъкидлади. Савдолар очиқ ва халқаро тартибда ўтказилиши режалаштирилган. Хўш, бу жараён UzAuto монополияси тугашини англатадими? Ҳозирча бундай хулоса қилишга эрта. Хусусийлаштиришнинг ўзи бозорда рақобат кучайиши ёки автомобиллар нархи тушишини кафолатламайди. Бунинг учун инвестор ким бўлиши, савдо қандай шартларда ўтиши ва бозорда бошқа ишлаб чиқарувчилар учун қандай имкониятлар яратилиши муҳим.

Ўзбекистон захиралари бир ойда 5,5 миллиард долларга камайди. Пул қаерга кетди?

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари сентябрь ойида қарийб 5,5 миллиард долларга камайди. Расмий маълумотларда захиралар ҳажми 72,1 миллиард доллардан 66,6 миллиард долларга тушгани кўрсатилган. Бунда асосий ўзгариш олтин қиймати билан боғлиқ. Бир трой унция олтиннинг нархи 4 602 доллардан 4 188 долларга тушган. Натижада олтин захираларининг доллар ҳисобидаги қиймати қарийб 4,8 миллиард долларга камайиб, 60,1 миллиард долларни ташкил этган.

Қизиғи, олтиннинг физик ҳажми камаймаган: аксинча, захирадаги олтин миқдори 14,1 миллион унциядан 14,3 миллион унцияга ошган. Демак, захиралар қийматининг пасайишига олтин нархидаги ўзгариш катта таъсир кўрсатган. Валюта захиралари ҳам 6,6 миллиард доллардан 5,9 миллиард долларга камайган. Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар олтин нархи 2027-йилда бир унция учун 5 минг доллардан ошиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Бу — прогноз, кафолатланган натижа эмас.

Демак, халқаро захираларнинг доллар ҳисобида камайиши олтин ёки бошқа активлар шунча миқдорда сарфлаб юборилганини англатмайди. Захираларнинг қиймати жаҳон бозоридаги нархларга ҳам боғлиқ.

Россия ва Украинадаги уруш: зарбалар давом этмоқда

«Қўшнинг тинч бўлса, сен тинчсан», деб бекорга айтишмаган. Биз Россия билан чегарадош бўлмасак-да, у ердаги воқеалар бизга ҳам таъсир қила бошлаган. Биринчидан, Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жуда кўп. Иккинчидан, Россия Ўзбекистоннинг яқин стратегик ҳамкорларидан бири.

Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳамон давом этмоқда. У ерда одамлар ҳануз портлашлар овозини эшитяпти, уруш эса иқтисодиёт ва сиёсатга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бундай ўзгаришлар Ўзбекистонга ҳам таъсир қилмай қолмайди.

«Reuters» агентлигининг ёзишича, 5–8-октябр кунлари Россия ва Украина ўртасидаги ўзаро ҳужумлар давом этди. 5-октябр куни Россиянинг Харковга берган зарбалари оқибатида олти киши ҳалок бўлди, 59 киши яраланди. Тураржой бинолари ва омборларга зарар етди.

6-октябрга ўтар кечаси Украина дронлари Москва ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум қилди. Москва вилояти губернатори икки киши ҳалок бўлгани, камида етти киши яраланганини маълум қилди. Тураржойлар ва автомобилларга ҳам зарар етган.

7-октябр куни Россия Украина бўйлаб ракета ва дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Энг оғир оқибатлардан бири Чернигов вилоятидаги Прилуки шаҳрида кузатилди. Тураржой биносига берилган зарба оқибатида 22 киши, жумладан, беш бола ҳалок бўлди. Киев ва бошқа ҳудудларда ҳам қурбонлар ва ярадорлар қайд этилди.

8-октябр куни эса Украинанинг Краматорск шаҳрида автобуслар яқинига тушган Россия бомбасидан камида 35 киши ҳалок бўлди. Киевда ҳам ҳужумлар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, 19 киши яраланди. Айрим ҳудудларда электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилди. Урушнинг бу кунлардаги оқибатлари яна бир бор оддий аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси ҳам жиддий зарар кўраётганини кўрсатди.

Uzum Market нега ишламай қолди? Yandex’даги ёнғин билан боғлиқми?

Ўзбекистонда ҳам шу кунларда кўпчилик фойдаланадиган Uzum Market фаолиятида катта техник узилиш кузатилди. Фойдаланувчилар илова ва сайт билан боғлиқ муаммоларга дуч келди, буюртмаларни расмийлаштириш ва топширишда ҳам узилишлар бўлди. Қизиғи, 8-октябр куни Россиянинг Сасово шаҳридаги Yandex маълумотлар марказига дрон ҳужуми оқибатида ёнғин чиқди. Yandex компанияси бу марказ унинг бешта йирик маълумотлар марказидан бири экани, ҳодисадан кейин марказ фаолияти тўхтатилганини билдирди.

«Reuters» хабарига кўра, компания айрим хизматларни тиклаш устида ишлаган. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда Uzum Market’даги узилиш ҳам Yandex’даги ҳодиса билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги муҳокама қилинди. Бироқ бу икки ҳодиса ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик тасдиқланмаган. Uzum носозликни тизимларни режали янгилаш жараёнида юзага келган техник муаммо билан изоҳлаган.

Бу воқеа муҳим саволни ўртага чиқарди: биз ҳар куни фойдаланадиган рақамли хизматлар фавқулодда вазиятларда ишлашни давом эттиришга қанчалик тайёр?

Чунки битта техник носозликнинг ўзи ҳам харидорлар, сотувчилар ва буюртмалар тизимига таъсир қилиши мумкин.

Хуллас, бу ҳафта ҳам судларда ҳукмлар ўқилди, миллионлаб долларлик пора талаблари фош бўлди, иқтисодиётда муҳим қарорлар ва ўзгаришлар муҳокама қилинди. Бир томонда миллиардлаб долларлик захиралар, бошқа томонда эса оддий йўловчининг аэропортдаги муаммоси. Катта рақамлар, расмий учрашувлар ортида ҳамиша одамларнинг ҳаёти туради. Биз эса ҳафта давомида содир бўлган воқеаларни шунчаки санаб ўтиш эмас, уларнинг ортида нима борлигини тушунишга ҳаракат қилдик. Ҳафтaнинг энг муҳим воқеалари шу эди. Биз билан қолинг — воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.




Teglar

Feruza Najmiddinova

Feruza NajmiddinovaMaqolalar soni: 15

Barchasi

Mavzuga oid