Logo

Чет элда ўзбек ресторани очган тадбиркорларга харажатларининг ярми қайтарилади

Bugun 09:302 daqiqa

Энди хорижда миллий таомлар ресторанини ташкил этаётган ёки аллақачон очган ўзбекистонлик тадбиркорлар харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини давлат субсидияси сифатида қайтариб олиши мумкин.

Чет элда ўзбек ресторани очган тадбиркорларга харажатларининг ярми қайтарилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорлар хорижда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган ресторан очиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача қисмини давлат субсидияси сифатида қайтариб олиши мумкин. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълум қилди.

Хизмат Туризм қўмитаси томонидан «my.gov.uz» портали орқали бепул кўрсатилади.

Аризалар электрон тарзда қабул қилинади. Тақдим этилган ҳужжатлар 18 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Агар ариза маъқулланса, субсидия маблағлари етти иш куни ичида тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Субсидия олиш учун тадбиркор рестораннинг хорижда рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Шунингдек, ресторан жойлашган бинонинг эгалик ёки фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинади.

Рестораннинг санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳам ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим. Бундан ташқари, тадбиркор ресторанни очиш билан боғлиқ амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи маълумотларни тақдим этиши керак.

Заруратга кўра, Ўзбекистондан маҳсулот етказиб берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам сўралади. Рестораннинг ички ва ташқи кўринишини акс эттирувчи фотосуратлар ҳам аризага илова қилиниши шарт.

Агар тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиб, аризани қайта топшириш мумкин.

Субсидиянинг ҳуқуқий асоси

Ушбу тартиб учун ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 9-сентябрдаги 482-сон қарори келтирилган. Ҳужжат меҳмонхоналар, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар фаолиятини тарғиб қилиш, шунингдек, хорижда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган ресторанлар ташкил этган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутади.

Teglar

Mavzuga oid