
Ўзбекистонда уй сотиб олиш учун неча йил пул йиғиш керак?
Марказий Осиё давлатлари орасида уй сотиб олиш учун энг узоқ муддат пул жамғаришга тўғри келадиган мамлакат — Ўзбекистон.

Геостатистика портали маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли учун уй сотиб олишга зарур маблағни 16 йил 9 ойда тўплайди. Бу кўрсаткич Марказий Осиёдаги энг узоқ муддат сифатида қайд этилган.
Ҳисоб-китобларга асосан, мамлакатда ўртача 482 доллар маош оладиган фуқаро 96,8 минг долларлик квартира харид қилиш учун қарийб ўн етти йилга яқин вақт давомида узлуксиз жамғаришга мажбур бўлади. Бу билан Ўзбекистон Қозоғистондан икки баравар орқада: қўшни мамлакатда аҳоли 7 йил 8 ойда квартира сотиб ололади.
Шунингдек, Қирғизистонда уй учун жамғариш муддати 13 йил 6 ойни, Тожикистонда эса 15 йил 9 ойни ташкил этади. Маълумотларга кўра, минтақадаги давлатлар ўртасидаги бундай кескин фарқ асосан иш ҳақи даражаси ва бир квадрат метр уй-жой нархи ўртасидаги номутаносиблик билан боғлиқ.
Тадқиқот муаллифлари томонидан ҳисоб-китоб усули, квартира майдони ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган.
Ўзбекистонда уй-жой талабининг юқорилиги, қурилиш бозоридаги нархлар ўсиши ва аҳолининг харид қобилияти ўртасидаги номутаносиблик узоқ муддатли жамғаришни талаб қилаётган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Тошкент уй-жой бозорида 2026 йил нархлари ҳақида батафсил маълумот берган эдик.





