Ўзбекистонда Хитой компанияси билан бирга геологик тадқиқотлар ўтказилади

Бугун 17:422 дақиқа

Қорақалпоғистонда 3 та янги газ кони топилди, 17 та қудуқдан саноат миқёсида газ оқими олинди.

Ўзбекистонда Хитой компанияси билан бирга геологик тадқиқотлар ўтказилади © Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистон Республикасида 3 та янги кон топилди. Бу ҳақда бугун, 20-апрел куни 2026 йил I-чорак сарҳисоби ҳамда «Долзарб 100 кунлик» дастури натижалари бўйича ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йил бошидан бошлаб шу вақтга қадар жами 17 та қудуқдан саноат миқёсида газ оқими олинган. 2026-йилнинг январ-март ойлари давомида 29 та қудуқ таъмирланган ва 11 та технологик тадбир амалга оширилган.

Хориждан харидлар ва инвестиция

Шунингдек, АҚШнинг нуфузли «Schlumberger» компанияси билан ҳамкорликда 10 та плунжер насос харид қилиш, «Upwing Energy» компанияси билан ҳамкорликда эса қудуқларда қудуқ тубига тушириладиган компрессорларни қўллаш бўйича лойиҳа ишлари бошланган. Конларда газ қазиб олиш барқарорлигини таъминлаш, захираларни максимал даражада ўзлаштириш мақсадида қўшимча 35 та кичик компрессор агрегати харид қилинмоқда.

Инвестиция сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири қазиб чиқаришни модернизация қилишга қаратилди. Хусусан, Хитойнинг «CNPC» корпорацияси таркибига кирувчи «XIBU» компанияси билан қудуқларни бурғилаш жараёнига жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказилди. «Shandong Molong» ва «Hengyang Valin» компаниялари билан ҳамкорлик доирасида 7 000 метр чуқурликкача бурғилаш ишлари учун мўлжалланган, юқори босим ва оғир геологик шароитларга мос замонавий қувур маҳсулотларини етказиб беришга келишилди.

Шу билан бирга, «CNPC» таркибига кирувчи «BGP» компанияси билан муҳокамалар натижаларига кўра, узоқ муддатли ҳамкорлик асосида 2026-2028-йилларда 14 300 км кв майдонда геологик тадқиқотлар ўтказиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Ишлаб чиқариш

Ҳисобот даврида газ конденсати, суюлтирилган газ, олтингугурт ва полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришда барқарор ўсиш кузатилди.

Жумладан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 132,2 минг тонна (режага нисбатан 102,0%) суюлтирилган газ етказиб берилган.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида АЖ томонидан

тозаланган табиий газ 4,789 млрд м3 (режага нисбатан 100%)

газ конденсати 141,3 минг тонна (режага нисбатан 114,5%)

суюлтирилган газ 152,9 минг тонна (режага нисбатан 110,7%)

олтингугурт 48 минг тонна (режага нисбатан 122%)

полиэтилен 36,1 минг тонна (103,9%) ишлаб чиқарилди.

«Uzbekistan GTL» заводида синтетик нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш барқарор йўлга қўйилган. Ўтган йилга нисбатан маҳсулот ҳажми 89,1 минг тоннага оширилиб, ўсиш суръати 169 фоизни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид