
Ўзбекистонда хонадонларнинг қарийб 90 фоизи ҳовлиларга тўғри келмоқда
Маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг катта қисми алоҳида уйларда истиқомат қилиб, кўп қаватли уйлар улуши эса нисбатан паст даражада қолмоқда.

Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил январ—сентябр ойлари учун уй хўжаликлари бўйича танланма кузатув натижаларига кўра, Ўзбекистонда уй хўжаликларининг 88,1 фоизи алоҳида уй, яъни хусусий ҳовлиларда яшайди.
Маълумотларга қараганда, кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи хўжаликлар улуши 11,7 фоизни ташкил этди. Охирги йилларда шаҳарлашув жараёни фаол кечаётганига қарамай, кўп қаватли турар-жойлар ҳали умумий уй фондида нисбатан чекланган улушга эга.
Бошқа турдаги турар-жойларда яшовчилар улуши эса жами хўжаликларнинг 0,2 фоизига тўғри келади. Бу тоифага вақтинчалик турар-жойлар, хизмат уйлари ёки махсус иншоотларда яшовчи аҳоли кириши мумкин.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда 47 мингта уй фойдаланиш учун қабул қилинди. Бунда, янгидан ишга туширилган уйлар орасида қишлоқ ҳудудларининг улуши катта. Қишлоқларда 31,3 мингта хонадон айнан қишлоқ жойларда барпо этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида жами 11,1 млн квадрат метр турар-жойлар фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.





