
Ўзбекистонда хусусий мактаблар сони 4 йилда 4,5 баробарга ошди
Ҳудудлар бўйича энг кўп хусусий мактаблар Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритмоқда.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида мамлакатда умумий ўрта таълим ташкилотлари сони 10 943 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020/2021 ўқув йилига нисбатан 762 тага ошган.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилида умумий мактаблар орасида нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 455 тага етди. Бу 2020/2021 ўқув йилига нисбатан 4,5 баробар кўпдир.
Ҳудудлар кесимида нодавлат мактабларнинг жойлашуви турлича. Энг кўп — 131 та хусусий мактаб Тошкент шаҳрида жойлашган. Фарғона вилояти 93 та мактаб билан иккинчи ўринни эгалламоқда. Шу жумладан, Самарқанд вилоятида 38 та, Андижонда 32 та ва Наманганда 28 та нодавлат таълим муассасалари фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Бухоро (27 та), Хоразм (25 та) ва Тошкент вилояти (25 та) ҳам хусусий таълим сектори фаол ривожланаётган ҳудудлар сирасига киради. Қашқадарёда 21 та, Сирдарёда 12 та хусусий мактаб мавжуд. Жиззахда 8 та, Қорақалпоғистонда 7 та, Нaвоий ва Сурхондарё вилоятларида эса 4 тадан хусусий мактаб ишламоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда хусусий боғчалар сони 28 мингдан ошгани ҳақида хабар бергандик.





