
Ўзбекистонда хусусий боғчалар сони 28 мингдан ошди
Мактабгача таълим муассасаларининг катта қисми Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган.

2024 йил якунида Ўзбекистонда фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотлари сони 38 058 тани етиб, 2023 йилга нисбатан 2 085 тага кўпайган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, умумий муассасаларнинг катта қисми, яъни 28 729 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидир. Бу сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимида хусусий секторнинг улуши ошиб бораётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мактабгача таълим ташкилотлари, яъни 4 507 таси Самарқанд вилоятида жойлашган. Ундан кейинги ўринларни Андижон (4 324 та) ва Қашқадарё (4 216 та) вилоятлари эгаллади. Фарғона (4 189 та) ва Наманган (3 962 та) вилоятлари ҳам юқори кўрсаткичлар билан қайд этилган.
Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятида 3 077 та, Тошкент вилоятида 2 340 та, Бухоро вилоятида 2 153 та ва Хоразм вилоятида 2 049 та боғча фаолият юритмоқда. Жиззах (1 709 та), Қорақалпоғистон (1 874 та), Навоий (1 466 та) ва Сирдарё (1 145 та) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (1 047 та) ҳам мактабгача таълим муассасалари сони ошмоқда.





