add

Ўзбекистонда йўловчи ва юк самолётлари ҚҚС ва бождан озод қилинди

02.11.2025 | 08:303372

Президент Ш.Мирзиёев қарорига кўра, мамлакат авиакомпаниялари учун импорт қилинадиган йўловчи ва юк самолётлари эндиликда ҚҚС ва божхона тўловларидан озод этилди.

Ўзбекистонда йўловчи ва юк самолётлари ҚҚС ва бождан озод қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев фуқаролик авиацияси соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга оид қарорни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистондаги резидент авиакомпаниялар томонидан олиб кириладиган йўловчи ва юк самолётлари технологик жиҳозлар рўйхатига киритилиб, улар ҚҚС ва божхона тўловларидан озод этилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлигига 2026–2028 йиллар давомида давлат бюджетидан 250 млрд сўм ажратиш вазифаси юклатилди. Бу маблағлар аэродромлар ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларини модернизация қилиш, радиотехник жиҳозлар сотиб олиш, аэропорт мажмуаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига йўналтирилади.

Қарор билан Транспорт вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Авиация соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағлари халқаро йўналишлардаги парвозлар учун аэропорт йиғимларидан ажратиладиган тўловлар ҳисобига шаклланади.

Мазкур жамғарма маблағлари қуйидаги йўналишларга сарфланади:

·     «Ўзавиация» агентлиги фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш ва ICAO талабларига мос мустақилликни йўлга қўйиш;

·     учувчилар ва борт кузатувчиларни тайёрлаш бўйича таълим муассасасини ташкил этиш ҳамда унинг моддий-техника базасини яратиш;

·     авиация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш жараёнларини рағбатлантириш;

·     авиация ҳодисалари ва инцидентларини тергов қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш.

Президент 15 октябр куни янги Тошкент аэропорти пойдевор қўйиш маросимида ҳам авиасоҳани ривожлантириш режаларини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, келгуси беш йилда самолётлар парки 180 тагача, йўналишлар сони эса 230 тага етказилади.

 

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда йўловчи ва юк самолётлари ҚҚС ва бождан озод қилинди | Vaqt.uz