Logo

Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси, 6,5 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнози ва инфляциядаги рекорд — 5 июн дайжести

Кеча 23:173 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси, 6,5 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнози ва инфляциядаги рекорд — 5 июн дайжести

Ўзбекистон апрелда олтин сотди, аммо йиллик ҳисобда соф харидор бўлиб қолмоқда

Жаҳон Олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2026 йил апрел ойида дунё марказий банклари жами 17 тонна олтин харид қилди. Энг йирик харидор Полша бўлиб, 14 тонна олтин сотиб олди, Хитой эса 8 тонна харид қилиб, 18 ойдан буён давом этаётган мунтазам харидларини сақлаб қолди. Чехия Миллий банки ҳам захираларини 2 тонна олтинга оширди.

Ўзбекистон Марказий банки апрел ойида 1 тонна олтин сотган бўлса-да, йил бошидан буён жами 24 тонна олтин харид қилиб, соф харидор мақомини сақлаб қолмоқда. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат Польшадан кейин иккинчи ўринда турибди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг олтин захиралари тахминан 414 тоннани ташкил этиб, умумий халқаро захираларнинг қарийб 88 фоизига тенг.

Ўзбекистондаги АЭС қурилишига расман старт берилди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин иштирокида Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига расман старт берилди. Маросимда Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэл Гросси ҳам қатнашди.

Президент атом энергетикаси соҳасида хавфсизлик мутлақ устувор вазифа эканини қайд этиб, қурилиш ва ишга тушириш жараёнлари энг юқори халқаро стандартлар асосида амалга оширилаётганини билдирди.

ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоиз ўсишини прогноз қилди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6,5 фоизга, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсишини прогноз қилди.

Банк ҳисоботига кўра, иқтисодий ўсишни ички истеъмол, инвестициялар, қурилиш ва хизматлар соҳаси қўллаб-қувватламоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ЯИМи 8,7 фоизга ўсган бўлиб, бунда пул ўтказмалари ва иш ҳақининг ошиши хизматлар соҳаси фаоллигини кучайтирган.

Инфляция рекорд даражада — 5,5 фоизгача пасайди

2026 йил май ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция 5,5 фоизни ташкил этиб, мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткичга айланди. Таққослаш учун, 2025-йилнинг мос даврида инфляция 8,7 фоиз эди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, ойлик инфляция 0,2 фоиз, йил бошидан бери нархлар ўсиши эса 2,7 фоизни ташкил этган.

Май ойида гўшт маҳсулотлари, ёқилғи ва айрим хизматлар нархи ошган бўлса, гуруч, тухум, парранда гўшти ва хом сут арзонлади. Бензин нархи ой давомида 0,6 фоизга, пропан 1,9 фоизга қимматлашган, айрим транспорт хизматлари тарифлари ҳам кўтарилган.

Шавкат Мирзиёев Россия билан ҳамкорликнинг янги босқичини эълон қилди

Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Марказий Осиё мустақил иқтисодий ўсиш марказига айланаётганини таъкидлаб, транспорт, энергетика, рақамли ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини интеграция қилиш муҳимлигини қайд этди. Президентнинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган ва очиқ Марказий Осиё барча шерик давлатлар манфаатларига жавоб беради.

Давлат раҳбари Россияни Ўзбекистоннинг стратегик шериги деб атаб, сўнгги ўн йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларга етганини маълум қилди. Россия иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 50 миллиард доллардан ошган, яна 5 миллиард долларлик янги инвестиция пакети тайёрланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид