Ўзбекистондаги топ блогерлар тўлаган солиқ миқдори маълум қилинди

Бугун 09:122 дақиқа

Ўзбекистонда 2025 йилда энг машҳур блогерлардан олти нафари 2,7 миллиард сўм даромад топгани маълум бўлди.

Ўзбекистондаги топ блогерлар тўлаган солиқ миқдори маълум қилинди © Soliq qo'mitasi

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 3 миллиондан ортиқ обуначига эга олти нафар топ блогер 2025 йил давомида жами 2,7 миллиард сўм даромад топган. Улар томонидан давлат бюджетига 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.

Маълумотлар Солиқ қўмитасида блогерлар иштирокида ўтказилган учрашув давомида очиқланган. Қўмита блогерлик соҳасини таҳлил қилиш доирасида энг фаол 110 нафар контент яратувчини ўрганган.

Таҳлилларга кўра, ушбу блогерларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Қолган 22 нафари эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда.

Солиқ қўмитаси айрим блогерларнинг реал фаолият кўлами билан уларнинг ҳуқуқий мақоми ўртасида номутаносиблик мавжудлигини қайд этди. Хусусан, катта даромад ва кенг аудиторияга эга блогерлар ҳамон соддалаштирилган фаолият шаклларидан фойдаланаётгани таъкидланган.

Алоҳида ўрганилган блогерлар фаолияти

Алоҳида ўрганилган олти нафар блогер 2025 йил мобайнида 360 та сторис ва 184 та реклама пости жойлаштирган. Электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шаклланган расмий ҳисоботларда уларнинг умумий даромади 2,7 миллиард сўм экани кўрсатилган.

Учрашув давомида блогерларга реклама даромадларини солиққа тортиш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ходим ёллаш ҳуқуқига эга эмаслиги, аммо амалда айрим блогерлар администратор ва ёрдамчиларни жалб қилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистонда нечта блогер солиқ тўлаган?

Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ блогер фаолияти аниқланган. Солиқ қўмитаси 110 нафар блогер фаолиятини ўрганиб чиққан, шундан 88 нафари рўйхатдан ўтган ва 22 нафари жисмоний шахс сифатида ишламоқда. Электрон ҳисоб-фактуралар таҳлил қилинганда, 110 нафар блогердан 66 нафари солиқ тўлагани аниқланган. Даромадига нисбатан тўланган солиқлар жуда кам миқдорни ташкил қилиши қайд этилган.

photo_2026-05-07_08-54-51

Foto: Soliq qo‘mitasi

Шу сабабли, блогерлар жойлаштираётган реклама ва бошқа онлайн рекламаларни маркировкалаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ҳар бир реклама учун алоҳида код бириктирилади.

Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари Ҳамдамбек Бобожонов ягона солиқ ҳисоб варағи жорий этиш бўйича Россия тажрибаси ўрганилганини билдирди.

Россияда бу тизим қандай ишлайди ўзи?

Россияда блогерлар даромад топадиган фаолият билан шуғулланса, уни мажбурий равишда декларация қилиши ва солиқ тўлаши шарт. Даромадни яшириш эса ҳатто жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, блогерлар бир нечта шаклда фаолият юритиши мумкин: жисмоний шахс, ўзини ўзи банд қилган шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида. Агар блогни муаллифлар гуруҳи юритса ва даромад ҳамда харажатларни алоҳида ҳисобга олиш талаб этилса, у ҳолда масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ташкил этиш мақбул ечим ҳисобланади.

2025 йил 1 майдан бошлаб иқтисодий фаолият турлари умумроссия классификатори га блогерлар фаолияти учун алоҳида кодлар киритилади.

Теглар

Мавзуга оид