Блогерларни солиққа тортиш: Россия тажрибаси қандай?

Бугун 17:537 дақиқа

Блогерлар даромадларини назорат қилиш ва рекламаларни маркировкалаш Ўзбекистонда жорий этилиши кутилмоқда, бу жараёнда Россия тажрибаси асос сифатида ўрганилмоқда.

Блогерларни солиққа тортиш: Россия тажрибаси қандай?

Солиқ қўмитаси иқтисодий таҳлил ва яширин иқтисодиётни мониторинг қилиш бошқармаси солиқ инспектори Камола Ахмеджанованинг «Sputnik Ўзбекистон» нашрига берган интервьюсидан маълум бўлишича, Ўзбекистонда блогерлар даромадларини назорат қилиш, уларнинг рекламаларини маркировкалаш жорий этилади. Бу борада Россия тажрибасидан фойдаланилади.

Ўзбекистонда нечта блогер солиқ тўлаган?

Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ блогер фаолияти аниқланган. Солиқ қўмитаси 110 нафар блогер фаолиятини ўрганиб чиққан, шундан 88 нафари рўйхатдан ўтган ва 22 нафари жисмоний шахс сифатида ишламоқда. Электрон ҳисоб-фактуралар таҳлил қилинганда, 110 нафар блогердан 66 нафари солиқ тўлагани аниқланган. Даромадига нисбатан тўланган солиқлар жуда кам миқдорни ташкил қилиши қайд этилган.

Шу сабабли, блогерлар жойлаштираётган реклама ва бошқа онлайн рекламаларни маркировкалаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ҳар бир реклама учун алоҳида код бириктирилади.

Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари Ҳамдамбек Бобожонов ягона солиқ ҳисоб варағи жорий этиш бўйича Россия тажрибаси ўрганилганини билдирди.

«Россияга амалга оширилган расмий ташриф давомида ушбу тизимни жорий этишдан аввал кўрилган тайёргарлик ишлари, хусусан, қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича ҳам ўзаро ахборот алмашилди», — деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ягона солиқ ҳисоб варағи жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади: аввал тизим бир минтақада синов режимида ишлайди, сўнгра бутун республикага тарқатилади.

«Аллақачон иш режаси бор. Россия билан биргаликда биз улар қандай муаммоларга дуч келгани ва уларни қандай ҳал қилганликларини ўрганмоқдамиз», — дея қўшимча қилди Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари.

Ҳозирча Солиқ қўмитаси мазкур тизим бўйича аниқ қоидаларни эълон қилгани йўқ. Шу билан бирга, Vaqt.uz Россияда бу тизим қандай ишлашини ўрганди.

Россияда бу тизим қандай ишлайди ўзи?

Россияда блогерлар даромад топадиган фаолият билан шуғулланса, уни мажбурий равишда декларация қилиши ва солиқ тўлаши шарт. Даромадни яшириш эса ҳатто жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, блогерлар бир нечта шаклда фаолият юритиши мумкин: жисмоний шахс, ўзини ўзи банд қилган шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида. Агар блогни муаллифлар гуруҳи юритса ва даромад ҳамда харажатларни алоҳида ҳисобга олиш талаб этилса, у ҳолда масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ташкил этиш мақбул ечим ҳисобланади.

2025 йил 1 майдан бошлаб иқтисодий фаолият турлари умумроссия классификатори га блогерлар фаолияти учун алоҳида кодлар киритилади.

Қайси блогерлар рўйхатдан ўтиши керак?

Солиқ органларида рўйхатдан ўтишдан ташқари, оммабоп блогерлар Роскомнадзорда (RKN) ҳам рўйхатдан ўтиши шарт. RKNда 10 000 нафардан ортиқ обуначига эга бўлган барча блогерлар рўйхатдан ўтиши керак. RKNда рўйхатдан ўтиш мажбурий ҳисобланади. Агар 10 минг нафардан ортиқ обуначиси бўлган блогер ушбу талабни бажармаса, у ўз аудиториясидан донат қабул қила олмайди ва блогида реклама жойлаштира олмайди.

Жисмоний шахс мақомига эга блогерлар

Агар блогер ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса ҳам, у олаётган даромадидан жисмоний шахслар даромад солиғини тўлаши шарт. Даромад солиғи 13 фоиз ставка бўйича тўланади. Агар даромад 2,4 млн рублдан (362 млн сўм) ошса, ошган қисмига 15 фоиз ставка қўлланилади. Агар даромад 5 млн рублдан (755 млн сўм) ошса, 18 фоиз ва ундан юқори ставка қўлланилади.

2025 йил 1 январдан даромад солиғи бўйича янги прогрессив шкала амал қилади:

  • 13 фоиз — 2,4 млн рублгача (362 млн сўмгача);

  • 15 фоиз — 2,4 млндан 5 млн рублгача (362 млн сўмдан 755 млн сўмгача);

  • 18 фоиз — 5 млндан 20 млн рублгача (755 млн сўмдан 3 млрд 020 млн сўмгача);

  • 20 фоиз — 20 млндан 50 млн рублгача (3 млрд 020 млн сўмдан 7 млрд 550 млн сўмгача);

  • 22 фоиз — 50 млндан юқори даромадларга (7,5 млрд сўмгача).

Блогер ўтган йилда олган даромадлари бўйича солиқни жорий йилнинг 15 июлидан кечиктирмай тўлаши керак. Шунингдек, ҳар йили 30 апрелдан кечиктирмай 3-даромад солиғи декларациясини топшириши шарт.

Якка тартибдаги тадбиркор ёки МЧЖ мақомига эга бўлмаган блогерлар суғурта бадаллари тўламайди ва бу бўйича ҳисобот топширмайди.

Ўзини ўзи банд қилган блогерлар

Агар блогер ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у 13 фоизли шахсий даромад солиғи ўрнига касбий даромад солиғини тўлайди:

  • 4 фоиз — жисмоний шахсларга хизмат кўрсатганда;

  • 6 фоиз — якка тартибдаги тадбиркор ёки ташкилотлар буюртма берганда.

Ҳисоб-китоб учун «Мой налог» иловаси орқали чек шакллантирилади. Солиқ хизмати ҳар ой солиқ миқдорини ҳисоблаб, ойнинг 12-санасигача хабарнома юборади. Солиқни эса кейинги ойнинг 28-санасигача тўлаш керак.

Агар блогернинг даромади 2,4 млн рублдан ошса, ходим ёлласа ёки агентлик шартномалари асосида иш юритса, у ўзини ўзи банд қилиш мақомини йўқотади. Ўзини ўзи банд қилганлар ҳисобот топширмайди ва суғурта бадаллари тўламайди.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги блогерлар

Агар блогер якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва умумий солиққа тортиш тизимидан фойдаланишга қарор қилган бўлса, у ўзи ва ходимлари учун шахсий даромад солиғи ва суғурта бадалларини тўлаши шарт.

Олинган даромаддан шахсий даромад солиғи амалдаги 13–22 фоиз ставкалари бўйича тўланади. Оддий жисмоний шахслар сифатида шахсий даромад солиғини тўлайдиган блогерлар ўтган йил натижаларига кўра солиқ мажбуриятларини тўлашлари шарт.

Умумий солиқ тизими бўйича якка тартибдаги тадбиркор бўлган блогерлар ҳар чорак охирида йил давомида шахсий даромад солиғи бўйича авансларни тўлашлари шарт. Аванс солиқ тўловлари ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 28-кунидан кечиктирмай амалга оширилиши керак.

Умумий солиққа тортиш тизими бўйича якка тартибдаги тадбиркор блогерлар ўзлари ва ходимлари учун (агар мавжуд бўлса) суғурта бадалларини ҳам тўлашлари шарт.

2025 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган суғурта бадали 53 минг 658 рублни ташкил этади. Белгиланган бадаллар ҳар йили 28 декабргача ўзи учун тўланиши керак. Даромад 300 минг рублдан ошса, ошган қисми учун 1 фоиз қўшимча бадал тўланади. Ходимлар бўлса, улар учун ҳам ҳар ой 30 фоиз ставкада суғурта бадаллари тўланади.

Соддалаштирилган солиқ тизимидан фойдаланадиган якка тартибдаги тадбиркор блогерлар

Умумий солиққа тортиш тизими билан бир қаторда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган блогерлар соддалаштирилган солиққа тортиш тизимига ўтиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда, блогер соддалаштирилган солиққа тортиш тизими бўйича ягона солиқни, аванс тўловларини ҳамда ўзи ва ходимлари учун суғурта бадалларини (агар мавжуд бўлса) тўлаши шарт.

2025 йилда соддалаштирилган солиқ тизимидан фойдаланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари учун 53 минг 658 рубл миқдорида суғурта мукофотларини тўлашлари шарт.

Патент солиқ тизимидан фойдаланувчи блогерлар

Умумий солиққа тортиш тизими ва соддалаштирилган солиққа тортиш тизимидан ташқари, тадбиркорлар патент солиққа тортиш тизимидан фойдаланишлари мумкин. Агар блогер — якка тартибдаги тадбиркор патентни танласа, улар фақат сотиб олинган патент нархини тўлашлари керак.

Патент тўловини тўлаш муддати унинг амал қилиш муддатига боғлиқ. Агар патент 1 ойдан 6 ойгача муддатга берилган бўлса, унинг тўлиқ қиймати патентнинг амал қилиш муддати тугашидан кечиктирмай тўланиши керак. Агар патент 6 ойдан бир календар йилгача муддатга берилган бўлса, унинг қиймати қуйидаги муддатларда тўланиши керак:

  • Патент қийматининг 1/3 қисми — патент кучга киргандан кейин 90 календар кундан кечиктирмай;

  • Патент қийматининг 2/3 қисми — патентнинг амал қилиш муддати тугашидан кечиктирмай.

Патент солиқ тизими бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар бўлган блогерлар ҳам суғурта бадалларини тўлашлари шарт. Бироқ, бундай якка тартибдаги тадбиркорлар патент солиқ ҳисоботларини топширишдан озод қилинган.

Қандай жазо қўлланилади?

Блогерлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва мажбурий ҳисоботларни тақдим этмаслик учун ҳам солиқ, ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Одатда, солиқ тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик Россия Солиқ кодексининг 122-моддасига мувофиқ юзага келади. Ушбу қоидага кўра, солиқлар ва суғурта мукофотларини тўламаслик ёки кам тўлаш тўланмаган сумманинг 20 фоизи миқдорида жаримага тортилади ва агар қасддан бўлса, жарима 40 фоизгача кўтарилади.

Блогерлар солиқ декларациялари ва суғурта мукофотлари ҳисоб-китобларини тақдим этмаганликлари учун Россия Солиқ кодексининг 119-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин. Солиқ декларацияларини тақдим этмаслик тўланмаган солиқ суммасининг 5 фоиздан 30 фоизгача жаримага сабаб бўлади.

Солиқ мажбуриятларини бажармаслик, шунингдек, Россия Солиқ кодексининг 76-моддасига биноан блогернинг банк ҳисобини блокировка қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Баъзи ҳолларда, солиқ мажбуриятларини бажармаган блогерлар Россия Жиноят кодексининг 198-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ушбу модда бўйича жавобгарлик уч йил давомида тўланмаган солиқлар умумий суммаси 2,7 млн рублдан ошса қўлланилади.

Бундай ҳолда, блогер қуйидаги жазолардан бирига дуч келиши мумкин:

  • 100 мингдан 300 минг рублгача жарима (15,1 млн сўмдан 45,3 млн сўмгача);

  • 1 йилгача мажбурий меҳнат;

  • 6 ойгача қамоққа олиш;

  • 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Агар уч йил давомида тўланмаган солиқлар умумий миқдори 30,5 млн рублдан ошса, қуйидаги жазолар қўлланилади:

  • 200 мингдан 500 минг рублгача жарима (30 млн сўмдан 75,5 млн сўмгача);

  • 3 йилгача мажбурий меҳнат;

  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 85

Барчаси

Мавзуга оид