Ўзбекистонликлар Италияга мавсумий иш учун юборилади
Ўзбекистон фуқароларини 3–9 ойлик мавсумий ишларга юбориш бўйича Италия билан келишувга эришди.

Ўзбекистон фуқароларини Италиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш бўйича муҳим келишув имзоланди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Келишув доирасида ўзбекистонликлар Италияга 3 ойдан 9 ойгача бўлган муддатга мавсумий ишларга юборилади. Лойиҳанинг асосий мақсади — хорижда қонуний меҳнат фаолиятини кенгайтириш ва фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳисобланади.
Мазкур масала юзасидан ўтказилган учрашувда Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобриджида ҳамда Confagricoltura ташкилоти витсе-президенти Лука Бронделли иштирок этди.
Учрашув якунида Миграция агентлиги ва Италиянинг Associazione Imprese Ortofrutticole (мева-сабзавот корхоналари ассоциацияси) ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Бу ҳужжат икки томонлама меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Ассоциация президенти Марко Салви пилот лойиҳа доирасида жорий йилда 100 нафар ўзбекистонликни иш билан таъминлашга тайёр эканини маълум қилди. Ушбу дастур келгусида янада кенгайтирилиши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур ассоциация Италияда мева-сабзавот йўналишида фаолият юритувчи 35 дан ортиқ йирик компанияларни бирлаштиради. У фермерлик, қайта ишлаш, логистика ва экспортни қамраб олган тўлиқ агросаноат занжирига эга.
Ассоциация фаолияти доирасида асосан олма, киви, анор ва қулупнай етиштириш ҳамда қайта ишлаш ишлари амалга оширилади. Бу эса ўзбекистонлик ишчилар учун турли йўналишларда иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.





