add

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихий рекордни янгилади

Мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 2025 йил октабр ойида қарийб 60 миллиард долларга етиб, тарихий рекорд ўрнатди. Бир ой ичида бу захиралар 4,34 млрд долларга кўпайган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихий рекордни янгилади

Марказий банкнинг сўнгги ҳисоботида қайд этилишича, 1 ноябр ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг халқаро активлари 59,33 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 7,8 фоизга ёки 4,34 миллиард долларга кўпдир. Бу кўрсаткич мамлакатда олтин-валюта захиралари маълумотлари эълон қилина бошланганидан бери энг юқориси ҳисобланади.

Олтин-валюта захиралари кетма-кет учинчи ойдирки, мутлақ рекордни янгиламоқда. Август ойида биринчи марта 50 миллиард долларлик чегарадан ошган захиралар сентабрда 55 миллиард долларга яқинлашган, октабрда эса янги тарихий белги — 59 миллиард доллардан ошиб кетди.

Валюта захиралари ҳам сезиларли ошди — бир ойда 731,4 миллион долларга кўпайиб, умумий ҳажми 10,91 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди. Улардан 8,92 миллиард доллар хорижий банкларда, 966,8 миллион доллар эса бошқа марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб рақамларида сақланмоқда.

Шунингдек, Марказий банк портфелидаги қимматли қоғозлар ҳажми ҳам 1,023 миллиард долларга етди, улар умумий захиралар таркибининг 1,7 фоизини ташкил қилади.

Қизиқарлиси, сентабр ойида Ўзбекистон дунёдаги ягона олтин сотган мамлакат бўлди — регулятор 4 тонна олтин сотган, йиллик миқдор эса 21 тоннага етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энди олтин қуймаларни банкларнинг мобил иловалари орқали сотиб олиш ва сотиш имкони яратилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихий рекордни янгилади | Vaqt.uz