Logo

«Ўзбекнефтгаз» дизел ва мазут ишлаб чиқариш режасини бажара олмади

Бугун 12:552 дақиқа

«Ўзбекнефтгаз» биринчи ярим йиллик натижаларини эълон қилди. Компаниянинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланган бўлса-да, айрим маҳсулотлар ишлаб чиқаришида муаммолар кузатилган.

«Ўзбекнефтгаз» дизел ва мазут ишлаб чиқариш режасини бажара олмади © sputnik

«Ўзбекнефтгаз» АЖ 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ҳисобот берди. Компанияда бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда молиявий натижалар, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва иккинчи ярим йилликдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, компаниянинг қарз юки 2025 йил якунидаги 3,1 баробардан 2,7 баробаргача пасайтирилган. Аввалги йилларда жалб қилинган юқори фоизли кредитларни қайта молиялаштириш ва муддатидан олдин сўндириш орқали фоиз тўловларидан 219 млрд сўм иқтисод қилинган.

Шунингдек, дебитор қарздорлик йил бошидан буён 1,2 трлн сўмга камайтирилган. Тизимда ойлик иш ҳақи оширилганига қарамай, харажатлар режага нисбатан 1 трлн сўмга оптималлаштирилган.

Ишлаб чиқариш муаммолари

Йиғилишда айрим йўналишлардаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, геосиёсий вазият туфайли хомашё импорти чеклангани сабаб дизел ёқилғиси ва мазут ишлаб чиқариш бўйича режалар бажарилмагани танқид қилинди.

Масъулларга ҳолат сабабларини таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва йил якунига қадар белгиланган кўрсаткичларга эришиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, нефт базалар фаолиятида ўсиш қайд этилди. 2025 йил биринчи ярим йиллигида 36,5 млрд сўм зарар билан ишлаган 14 та нефт база 2026 йилнинг шу даврида 5,4 млрд сўм соф фойда олди. Бу даврда 250 минг тонна автобензин ва 114 минг тонна дизел ёқилғиси сотилган.

Қишга тайёргарлик режаси


Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласи ҳам кўриб чиқилди. Компанияга ишлаб чиқариш объектларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари ва автобензин захираларини олдиндан шакллантириш топширилди.

Газ қазиб чиқариш соҳасида фойдаланишдан чиқарилган қудуқларни қайта таҳлил қилиш, техник имконияти мавжудларини ишга тушириш ва ҳар бир қудуқ ишини соатбай мониторинг қилиш вазифаси белгиланди.

Иккинчи ярим йилликда электр энергиясини тежаш дастурларини ишлаб чиқиш, ўз энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда Хитой ҳамкорлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тезлаштириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Бойсундаги техноген аварияни бартараф этиш муддатини маълум қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид