Logo

Пискент ҳокимининг фермерларга босим ўтказгани айтилган аудио тарқалди. Расмий идоралар қандай муносабат билдирди?

Бугун 15:203 дақиқа

Музаффар Арипов фермерларга ҳақоратли сўзлар билан мурожаат қилиб, ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани айтилмоқда. Туман ҳокимлиги муомала шаклини оқламаслигини билдирди, Бизнес омбудсман эса ҳолатни назоратга олди.

Пискент ҳокимининг фермерларга босим ўтказгани айтилган аудио тарқалди. Расмий идоралар қандай муносабат билдирди? © Piskent tumani hokimligi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг фермерлар билан йиғилишдаги мулоқоти акс этган аудиоёзув тарқалди. Унда ҳоким фермерларга босим ўтказгани, ҳақоратли ибоаралар ишлатгани ва ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани эшитилади. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва Бизнес омбудсман муносабат билдирди.

Аудиоёзув 18-июль куни ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида картошка экиш масаласига бағишланган йиғилишда ёзиб олинган.

«Эртага ерингизни олиб қўйсам, кейин кўраман. Мен фермерларга тушунмайман-да, битта айтган топшириқни қилиб қўйинг. Охири мажбур қилади мени ерини олишимга. Кейин эшигимнинг тагида ётади итга ўхшаб. Ялинади», — дейилади аудиоёзувда.

Шунингдек, унда Музаффар Арипов фермерларга ери билан бирга жонини ҳам суғуриб олиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилгани эшитилади. Йиғилишда аёллар ҳам қатнашгани ва тадбир олдидан фермерларнинг телефонлари йиғиб олингани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.

Фермерлардан бирининг айтишича, ҳоким муайян фирмадан картошка сотиб олмаган фермерларни прокуратура орқали қўрқитиб, уларнинг ерларини олиб қўйишга уринмоқда. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат буғдой экиш ишларига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Музаффар Арипов 2024-йил апрелида Пискент тумани ҳокими этиб тайинланган. Бунгача у Тошкент вилояти ҳокимлигида ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари лавозимида ишлаган.

Ҳокимлик: муомала шакли ўз-ўзидан оқланмайди

Пискент тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий изоҳ бериб, вазиятга баҳо беришда йиғилишдаги мулоқот тафсилотлари билан бир қаторда, муҳокамага сабаб бўлган масала ва унинг аҳоли манфаатларига таъсирини ҳам ҳисобга олиш кераклигини билдирди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, ички бозорда картошка нархини барқарор сақлаш ва қиш мавсуми учун захира яратиш мақсадида туманда ғалладан бўшаган қарийб 1 000 гектар ерга такрорий экин сифатида кечки картошка экиш режалаштирилган. Шу муносабат билан 2026-йил 2-июль куни фермерлар учун амалий семинар ўтказилиб, янги картошка навлари таништирилган.

Бироқ 18-июль куни айрим фермерлар белгиланган режа асосида картошка экишмагани, ғалладан бўшаган майдонларни бошқа шахсларга сотиб юборгани ва бу ерларда ҳам экин экилмагани юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилган.

“Шуни унутмаслик керакки, ер фермернинг хусусий мулки эмас. Ер — халқнинг бебаҳо бойлиги бўлиб, ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади… Чунки экилмай қолган ҳар бир гектар ер — бу шунчаки бажарилмаган режа эмас, балки маҳаллий маҳсулот етиштириш имкониятининг бой берилиши ва аҳоли таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилдир”, — дейилади ҳокимлик муносабатида.

“Албатта, белгиланган вазифаларнинг долзарблиги йиғилиш давомидаги ҳар қандай муомала шаклини ўз-ўзидан оқламайди. Фермерларнинг ҳуқуқлари ҳам, аҳоли манфаатлари ҳам бирдек ҳурмат қилиниши шарт”, — дея қайд этди туман ҳокимлиги.

Йиғилишдаги муомала ҳамда телефонлар олиб қўйилгани ҳақидаги даъволар эса алоҳида далиллар асосида холис ўрганилиши лозимлиги билдирилди.

Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилди

Ўзбекистон фермерлари кенгаши 9-октябрь куни прокуратура органига мурожаат қилиб, Пискент тумани ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда амалий ёрдам сўраганини маълум қилди.

Кенгаш инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини белгиловчи Конституциянинг 26-моддаси ҳамда ҳақорат қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасини эслатди.

Ташкилот бундай ҳолатлар тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув сифатида баҳоланиши ва мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Бизнес омбудсман ҳолатни назоратга олди

Бизнес омбудсман идораси ҳам ҳолат назоратга олинганини ва унга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Муассаса шаъни ва қадр-қиммати камситилган, ҳақорат қилинган ёки ҳуқуқлари бузилган тадбиркорлар ҳамда фермерларни 1100 ишонч телефони ёки info@biznesombudsman.uz электрон манзили орқали мурожаат қилишга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид