
Президент ишига кўзбўямачилик билан ёндашган 20 та туман ҳокимига чора кўришни топширди
Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан ўтказилаётган йиғилишда айрим туман ҳокимларини танқид қилди.

Президент ҳузуридаги йиғилишда айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та туман ҳокимига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширди.
Жумладан, Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ ва Когон туманлари ҳокимларига чора кўриш кўзда тутилган.
Аввалроқ Денов тумани ҳокими И.Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов ҳамда Чироқчи тумани ҳокими Ф.Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашев ишдан олиниши белгиланган эди.
Йиғилишда таъкидланишича, Денов тумани камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган. Шунингдек, Чироқчи туман ҳокимлиги ажратилган 309 миллиард сўм ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.





