
Путин тинчлик, Украина ва янги ҳарбий операциялар ҳақида: жонли эфирдаги асосий баёнотлар
РФ президенти Владимир Путин тўғридан тўғри эфирда янги ҳарбий операциялар эҳтимоли, тинчлик музокаралари, Украинадаги сайловлар, Европадаги активлар ва мамлакат иқтисоди ҳақида саволларга жавоб берди.

Украина ҳақида
ТВ бошловчиси Березовская Россия президентига келиб тушган саволларнинг асосий қисми Украинадаги можарога оид эканини маълум қилди. «Бу уруш давом этадими ёки тинчлик бўлади?» — деб сўради у Путиндан.
«Биз ушбу можарони тинч йўл билан якунлашга тайёрмиз ва хоҳлаймиз. Буни мен ўтган йил июн ойида Россия Ташқи ишлар вазирлигида баён қилган
принципларасосида амалга ошириш мумкин. Шунингдек, бу можарога олиб келган асосий сабаблар бартараф этилиши керак», — деб жавоб берди Путин.
Россия президентининг сўзларига кўра, Курск области Украина Қуролли кучларидан озод этилгандан сўнг, стратегик ташаббус «тўлиқ ва бутунлай» Россия армияси қўлига ўтган. «Бу дегани, бизнинг қўшинлар тўқнашув чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтмоқда», — деди у.
Путиннинг таъкидлашича, Донецк Халқ Республикасидаги Северскни эгаллаш Украина Қуролли кучларининг асосий мустаҳкамланган ҳудудларидан бири — Словянскка йўл очади. Унинг айтишича, бундан ташқари, Россия Қуролли кучлари назоратида Красний Лиманнинг 50 фоизи, Константинивканинг 50 фоизидан кўпроғи, Мирнограднинг 50 фоизи бор. Шунингдек, Россия армияси Запорижжя областидаги Гуляйполе шаҳрига ҳам кирган.
Путиннинг маълум қилишича, айни пайтда Украинадаги жангларда 700 минг нафар киши иштирок этмоқда.
Россия президенти Украинада ташқи бошқарув жорий этиш ғоясини гипотетик деб атади. Бироқ унинг таъкидлашича, «коррупция билан боғлиқ фош этишлар шароитида» ва Ғарб мамлакатлари хоҳиши мавжуд бўлганда, бу ғоя устида «ўйлаб кўриш мумкин».
Путиннинг таъкидлашича, Украинада хоҳиш бўлса, сайловларни Россияда бўлгани каби ўтказиш мумкин эди.
«Агар улар сайловларни фақат Россия қўшинларининг ҳужумини тўхтатиш учунгина фойдаланмоқчи бўлса, бу нотўғри қарор», — деди у. «Биз сайловларни хавфсиз ўтказиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёрмиз, ҳеч бўлмаганда овоз бериш кунида ичкари ҳудудларга зарба бермаслик масаласини кўриб чиқишимиз мумкин», деди у.
Шу билан бирга, Путин таъкидладики, Москва Украинадаги сайловларни ташкил этувчилардан Россия ҳудудида яшовчи украиналикларга овоз бериш имкониятини таъминлашни талаб қилишга ҳақли.
Россиянинг янги ҳарбий операциялари ҳақида
Россия президентининг таъкидлашича, агар Ғарб Россияга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлса, у ҳолда «янги махсус ҳарбий операциялар» бўлмайди.
«Агар бизни алдамасанглар. НАТОнинг Шарққа кенгайиши масаласида биз билан келишилган эди. «Бир дюймга ҳам силжиш бўлмайди», деб айтилган. Бу — тўғридан тўғри иқтибос. Кейин нима бўлди кейин? Халқ тили билан айтганда, бизни «девор ушлатишди». Қуролсизлантиришга оид манфаатларимизни инкор этишди», — деди у.
РФ президенти фикрига кўра, Ғарб сиёсатчилари бугунги вазиятни «ўз қўллари билан» юзага келтиришган ва ҳолатни кучайтиришда давом этмоқда. Хусусан, улар Россия билан урушга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида мунтазам баёнот бериб келишмоқда.
«Хўш, биз Европага ҳужум қилмоқчимизми? Бу қандай аҳмоқлик? Демак, булар ички сиёсий ҳисоб-китоблар асосида қилиняпти. Бу душман образини яратиш учун қилиняпти. Ғарб ҳукуматлари бир неча йиллар давомида иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсат соҳасида кетма-кет қилган хатоларини яшириш учун ушбу услуб қўлланилмоқда», — деди Россия раҳбари.
Путиннинг таъкидлашича, Москва Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёр, аммо «тенг асосда» ишлаш керак.
«Агар охир-оқибат шундай бўлса, ҳамма ютади, — деди у. — Биз табиий равишда бир-биримизни тўлдирамиз. Биз биргаликда ишлаймиз ва ривожланамиз. Агар шундай бўлмаса, Европа аста-секинлик билан йўқолиб кетади».
Трампнинг тинчлик режаси ва НАТО ҳақида
Россия президентининг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги можарони якунлаш учун «жиддий ҳаракатлар қилмоқда» ва буни «сидқидилдан» амалга оширмоқда.
Путинга кўра, Россия томонига «маълум бир муросаларга бориш» илтимоси билан мурожаат қилинган, бундай қарорлар осон эмас, лекин Москва рози бўлган. «Биз бирор нарсани рад этяпмиз, деб айтиш мутлақо нотўғри ва ҳеч қандай асосга эга эмас, — деди у. — Тўп тўлиқ ва бутунлай ғарбдаги рақибларимизнинг томонида».
Россия раҳбарининг Москва «келгуси йил тинчлик шароитида, ҳарбий можароларсиз ўтишини жуда хоҳлаши»ни таъкидлади.
Россия ва НАТО ҳамкорлиги ҳақидаги саволга жавобан Путин алянс ваъда қилганча кенгаймаслигини таъминламаётганини айтиб ўтди.
«Бизда НАТО билан ҳамкорлик бўлган. Ҳатто бир вақтлар совет иттифоқи, кейин эса Россия Федерациясининг НАТОга тўғридан тўғри аъзо бўлиши масаласи кўтарилган. Лекин биз ҳар иккала ҳолатда ҳам шунга амин бўлдикки, у ерда бизга жой йўқ. НАТО кенгаймаслиги бўйича берилган ваъдалар бажарилмади, яна алдашди. Бир неча марта кенгайиш бўлди», — деди у.
Путин НАТО Бош котиби Марк Рюттени «ақлли, тизимли ва самарали инсон» деб баҳолар экан, унинг Россияга қарши урушга тайёргарлиги фонида профессионаллигидан шубҳаланди.
«Эътибор беринглар, АҚШ — НАТОдаги асосий иштирокчи. АҚШ — НАТОни яратган, бош ҳомийси. Барча асосий маблағлар, ҳарбий технологиялар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар айнан шу ердан келади», — деди у. «НАТОнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида Россия душман сифатида кўрсатилмаган, лекин бош котиб бизнинг билан урушга тайёргарлик кўрмоқда. Бу нима дегани?» — деди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Калининград областини блоклаш каби ҳаракатлар кенг кўламли қуролли тўқнашувга олиб келиши мумкин.
«Агар шундай таҳдидлар юзага келса, биз уларни йўқ қиламиз. Ҳамма бундан бохабар бўлиши ва тушуниши керак: бу каби ҳаракатлар бунгача кузатилмаган даражадаги кескинлашувга олиб келади. Тўқнашув янги босқичга чиқади ва кенг кўламли қуролли урушга айланади», — деди у.
Путин, шунингдек, Россия нефтини ташувчи танкерларга қилинган ҳужумларга нисбатан ҳам жавоб бўлишини айтди. Унинг таъкидлашича, бу ҳужумлар «амалий мақсад» — суғурта тўловларини оширишга қаратилган. Бу етказиб бериш шартномаларига тўсқинлик қилмаса-да, қўшимча хавф солади.
Европа ва Россия активлари ҳақида
Россия президенти Владимир Путин Европа Иттифоқи етакчилари саммитида қабул қилинган қарор — Украина учун Россия активларини ишлатмаслик ҳақида изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, Европа бу маблағларни мусодара қилишга уринмоқда, бу эса «талончилик» бўлиб, «талончилар» учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Ўғирлик — бу мулкни махфий тарзда эгаллаш. Улар эса очиқчасига шундай қилишмоқчи. Бу — талончилик. Нега бундан натижа чиқмаяпти? Чунки оқибатлар талончилар учун жуда оғир бўлиши мумкин. Бу нимада ифодаланади? Биринчидан, бундай қилиш осон эмас. Улар шунчаки тортиб оламиз демаяпти, балки таклиф қилинаётган ғоялардан бири — ушбу активлар кафолатида кредит ажратиш. Лекин кредит — бу бюджет учун оқибатлар, давлат қарзи ортиши демакдир», — деди Путин.
Путиннинг фикрича, бундай ҳаракатлар Европа Иттифоқи учун қуйидаги хатарларни келтириб чиқаради:
евроҳудудга нисбатан ишончни издан чиқаради;
замонавий молиявий тартибнинг асосларига бевосита зарба беради;
тўғридан тўғри иқтисодий йўқотишлар юзага келтиради.
«Улар нимани ўғирламасин, қандай қилиб ўғирламасин, бир куни қайтаришга тўғри келади», — деди Путин.
У Россия ўз манфаатларини, энг аввало, суд орқали ҳимоя қилишини таъкидлади. «Биз сиёсий қарорлар таъсиридан холи бўлган юрисдикцияни топишга уринамиз», — деди у.
Путин 17 декабр куни Мудофаа вазирлиги ҳайъати йиғилишида айтган «европалик чўчқалар» (европейские подсвинки) иборасига ҳам изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, бу «ноаниқ шахслар гуруҳи»га нисбатан айтилган.
«Бу сўз ўзаро суҳбатда ўзи чиқиб кетди. Мен ҳеч кимни алоҳида назарда тутмаганман. Мен умуман шахсийга ўтмайман ва бундай нарсаларга йўл қўймайман. Мен умумий, ноаниқ шахслар гуруҳини назарда тутганман, юристлар айтганидек», — деди у.
Россия иқтисодиёти ҳақида
Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1 фоизга ўсади, сўнгги уч йилликда эса бу ўсиш 9,7 фоизни ташкил этади.
Путин бу ўсиш суръатларини ҳукумат ва Марказий банк томонидан амалга оширилаётган «онгли ҳаракатлар» — хусусан, инфляция даражасини таргетлаш сиёсати билан боғлади. Унинг таъкидлашича, 2025 йил охиригача инфляция 5,7 фоиз атрофида бўлади.
«Иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви — бу иқтисодиёт сифати ва макроиқтисодий кўрсаткичларни сақлаб қолиш учун онгли равишда қилинган қадам», — деди Путин.
Шу билан бирга, у реал иш ҳақи (инфляцияни ҳисобга олган ҳолда) 2025 йил якунига келиб 4,5 фоизга ўсишини, ишлаб чиқаришдаги меҳнат унумдорлиги эса 1,1 фоизга ошишини билдирди. Путиннинг таъкидлашича, унумдорлик ўсишини кучайтириш керак.
Федерал бюджет камомади 2,6 фоизни ташкил этмоқда, аммо келаси йилда у 1,6 фоизга туширилиши режалаштирилган. «Бу яхши кўрсаткич. Қолаверса, давлат қарзи ҳам анча паст даражада сақланмоқда — ривожланган иқтисодиётлар орасида энг паст кўрсаткичлардан бири. У тахминан 7,7 фоизни ташкил қилади», — деди у.
Путиннинг таъкидлашича, ҳукумат бу даврда «катта ишлар амалга оширди» ва бюджетни мувозанатлаштиришга эришди. Бу мувозанатлаштириш сифати 2021 йил даражасига тенг. «Бу шундай маънони берадики, аҳолига бўлган ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ адо этилиши таъминланади», — деди у.
Солиқ ислоҳотларидан кутилаётган молиявий самара ва келгусида бу юкни енгиллаштириш бўйича саволга жавобан, Путин шундай деди: «Солиқлар оширилганда, бу қоғозда эмас, балки бюджетнинг ҳақиқий даромадларида акс этиши лозим. Бу абадий бўладими? Албатта, йўқ. Якундаги мақсад — келажакда солиқ юкини камайтириш. Ҳукумат шу йўналишда иш олиб бормоқда. Мен ҳам айнан шуни кутаяпман».
Шунингдек, Путин Россия Марказий банкининг асосий ставкаси 16 фоизга туширилиши ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Марказий банк доимий босим остида турса-да, у барча таъсирлардан ҳимоя қилинади ва масъулият билан иш юритмоқда.
Президент Россия Молия вазирлигининг утилизация йиғимини ошириш қарорини ҳам изоҳлади. Унинг таъкидлашича, бу йиғимнинг мақсади — маҳаллий автомобилсозлик соҳасини технологик ривожлантириш учун қўшимча маблағ етиштиришдир. «Умид қиламанки, бу чора ҳам доимий бўлмайди. Фуқароларимизнинг танлов имкониятлари тикланади — бу ё даромадлар ўсиши ҳисобига, ёки солиқ юки камайиши ҳисобига рўй беради», — деди у.
Мессенжерлар ва Россияда рақамли ривожланиш ҳақида
Путиннинг таъкидлашича, мамлакат дунёда АҚШ ва Хитой билан бир қаторда рақамли суверенитетга эришган учта давлатдан бири ҳисобланади.
Унинг сўзларига кўра, айрим машҳур хорижий мессенжерлар блокланиши ёки иши секинлаштирилишидаги асосий муаммо шундакики, бу платформаларнинг давлатларидаги сиёсий раҳбарият Россия қонунларига риоя қилишга имкон бермай, муайян чекловлар қўйган.
«Рақобат ҳар доим керак. Мен ишонаманки, рақобат албатта бўлади. Бизда миллий Мах платформаси орқали фуқароларимизга бир қатор хизматларни кўрсатиш имкони пайдо бўлди. Илгари ушбу хизматлар турли сабаблар, жумладан, хавфсизлик нуқтайи назаридан, хорижий платформаларда амалга оширилмас эди», — деди Путин.
Дронлар томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар натижасида айрим ҳудудларда мобил интернет фаолияти чекланиши масаласига тўхталар экан, президент икки йўлни таклиф қилди: биринчиси — маҳаллий дастурий таъминотга ўтиш, иккинчиси — Россияда ишлаётган хорижий ишлаб чиқарувчилар имкониятларидан фойдаланиш.
Бундан ташқари, Путин «тўғридан-тўғри мулоқот»да қатнашган россиялик фуқаролардан бири томонидан юборилган билдирувни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Унда шундай дейилган эди: «Украина ҳақидаги кўрсатувлардан чарчадик. Балки энди ўз муаммоларимизни ҳал қилиш ва уларни ёритиш вақти келгандир?». Президент шундай жавоб берди: «Тўлиқ қўшиламан. Тамомлаш керак».





