
Путин: Трамп режасини қабул қилмаётганлар Россияга мағлубият тилаётганлар
Путинга кўра, Украина ва Европада Трампнинг янгилангaн тинчлик режасига қарши бўлиш сабаби — Россияга «стратегик мағлубият» тилаш.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган янгиланган тинчлик режасини Украина ва Европа қабул қилмаётганини маълум қилди. Унга кўра, бу қарор Россияга «стратегик мағлубият» етказишга интилиш билан боғлиқ.
Путиннинг айтишича, яқинда Аляскада АҚШ билан алоқалардан сўнг «пауза» юзага келган ва бу Украина томони Трампнинг аввалги режасини рад этгани билан боғлиқ. Шундан сўнг Трамп 28 бандидан иборат янгилангaн лойиҳани тақдим этган. Россия бу режа билан таниш, аммо ҳали тўлиқ муҳокама қилинмаган.
Унинг сўзларига кўра, Украина ва унинг Европа иттифоқчилари реал воқеликни англаш ўрнига ҳали ҳам Россияни енгиш орзусида яшамоқда. Путин бу позицияни «жанг майдонидаги ҳақиқий аҳвол борасида маълумот етишмаслиги» билан изоҳлади. Шу билан бирга, у Россия ҳар қандай сценарийга тайёрлигини билдириб, жорий фронтдаги «динамика»дан ҳам мамнун эканини айтди.
Путин, хусусан, Купянск 4 ноябрга келиб тўлиқ россияликлар назоратига ўтганини таъкидлаб, шундай воқеалар бошқа нуқталарда ҳам такрорланишини билдирди. «Агар Киев Трамп режаси бўйича музокара қилмоқчи бўлмаса, демак у оқибатларга тайёр бўлиши керак», — деди у.
Трамп таклиф этган режа Россияга Донбассни тўлиқ топшириш, Украина НАТОдан воз кечиши, қуролли кучларни қисқартириш, хорижий ҳарбийлардан воз кечиш ва мамлакатнинг нейтрал мақомини кафолатлашни назарда тутади. Бунга жавобан Россияга босқичма-босқич санкциялар енгиллаштирилиши, G8 формати тикланиши ва амнистия берилиши таклиф этилган.
Украина президенти Володимир Зеленский ва Европа етакчилари бу режанинг асосий бандларини рад этди. Зеленский фақат адолатли ва барқарор тинчлик учун Трамп маъмурияти билан ишлашга тайёрлигини билдирди.
Аввалроқ Володимир Зеленский Украина ташқи босим остида тақдири ҳал бўладиган танлов қаршисида турганини айтгани ҳақида хабар берган эдик.





