Қамоқдаги Карим Масимовнинг самурай қиличи аукционда сотилди

Бугун 15:451 дақиқа

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси мулклари орасидаги катана иккинчи уринишда харидор топди.

Қамоқдаги Карим Масимовнинг самурай қиличи аукционда сотилди © e-qazyna.kz

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимовга тегишли мол-мулклар орасидаги самурай қиличи иккинчи уринишда аукционда 1,5 миллион тенгега (тахминан 3 237 АҚШ доллари) сотилди, деб хабар берди «Orda.kz».

Қилич аукционга икки марта қўйилган. Илк сафарда харидор гаров маблағини тўлаган, аммо кейин тўлиқ суммани тўламай қолгани учун лот қайта савдога чиқарилган.

Такрорий аукцион 29-апрел куни бўлиб ўтди. Бошланғич нарх тахминан 380 минг тенге эди, бироқ савдолар давомида нарх 4 баробардан ҳам кўпроқ ошди. Охир-оқибат қилич 1 586 954 тенгега сотилди.

Лот тавсифига кўра, бу катана туридаги қилич бўлиб, қини билан бирга: узунлиги бўйлаб қиррали бўлган пўлат пичоқ, қора қин ва тўқ кулранг, рельефли нақшли металл дастадан иборат.

Карим Масимов ким?

61 ёшдаги Карим Масимов Қозоғистоннинг таниқли давлат арбоби бўлган. У 2016–2022 йилларда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси сифатида ишлаган. Бунгача эса икки марта (2007–2012 ва 2014–2016 йилларда) мамлакат бош вазири лавозимида ишлаган.

Бироқ Масимов 2023-йилда бир йил олдин содир бўлган январ воқеалари ортидан давлатга хиёнат айби билан судланиб, 18 йилга қамоққа ҳукм қилинган.

Теглар

Мавзуга оид