Қаршида 6 кишининг умрига зомин бўлган портлаш, «Saneg»дан олиб қўйилган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва қурувчилардан ортган шикоятлар — 8 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи давлат назоратига қайтарилди
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна тўлиқ давлат назоратига ўтди. Давлат реестри маълумотларига кўра, корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги қайд этилган. Бир ой аввал завод таъсисчилари таркибида агентлик 58,5 фоиз, хусусий инвестор — Saneg компанияси эса 41,5 фоиз улушга эга эди. Ҳозирча хусусий инвестор улушининг қачон ва қандай асосда чиқарилгани бўйича расмий изоҳ берилмаган.
ФНҚИЗни хусусийлаштириш жараёни 2022 йилда бошланган бўлиб, заводнинг 100 фоиз давлат улуши Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик харид суммаси тўлиқ тўланмагани маълум бўлиб, давлат улушини босқичма-босқич ўтказиш тартиби жорий этилган. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Марказий Осиёдаги энг йирик нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади.
Қаршидаги портлаш: 6 киши ҳалок бўлди
Қашқадарё вилояти Қарши тумани, “Чаман” МФЙда жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган.
Оқибатда 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.
Шунингдек, 4 та автомобиль (2 та кобалт, 2 та газ ташишга мўлжалланган автомобиль) ҳамда 2 та ер остидаги ёқилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган. Бош вазир ўринбосари О. Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.
Марказий банк хорижий облигатсиялар ҳажмини 1,5 млрд доллардан 2,8 млрд долларга оширди
Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари май ойи якунларига кўра 70,58 млрд долларни ташкил этиб, апрелга нисбатан 307 млн долларга камайди. Бунга асосан жаҳон бозорида олтин нархининг пасайиши таъсир қилди. Олтин захираларининг қиймати 61,43 млрд долларга тушган бўлса-да, унинг физик ҳажми ўсиб, 423 тоннага етди.
Шу билан бирга, Марказий банк захиралар таркибини диверсификация қилишни давом эттириб, хорижий қимматли қоғозлар портфелини 84 фоизга оширди. Натижада облигациялар ҳажми 1,5 млрд доллардан 2,85 млрд долларга етди ва уларнинг умумий захиралардаги улуши 4 фоизни ташкил қилди. Хорижий валютадаги захира активлари эса май ойида 8,57 млрд долларгача қисқарди.
Қурилиш соҳасида шикоятлар сони кескин ошди
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида қурилиш соҳаси бўйича қарийб 1 мингта мурожаат келиб тушган. Солиштириш учун, 2025 йил давомида жами 1706 та шикоят қайд этилган. Мурожаатларнинг асосий қисми қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши, объектларни топшириш муддатларининг кечиктирилиши, техник талабларга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланиш ва тақдимотларда берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги билан боғлиқ.
Қўмита қурилиш учун зарур рухсатномалар расмийлаштирилмасдан туриб аҳолидан маблағ йиғиш ҳолатлари ҳам кўпайганини таъкидлади. Фуқароларга уй-жой харид қилишда шартномаларни синчиклаб ўрганиш, қурувчи компаниянинг ваколатлари, объектни топшириш муддатлари ва тўловларнинг эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Тўрт ойда савдо хизматлари ҳажми 101 трлн сўмдан ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрел ойларида Ўзбекистонда савдо хизматлари ҳажми 101,8 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,9 фоизга ўсди. Мутахассислар бу ўсишни ички истеъмол, тадбиркорлик фаоллиги, чакана савдо тармоқлари ва электрон тижорат ривожи билан изоҳламоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди — 39,3 трлн сўм. Кейинги ўринларни Тошкент вилояти (9 трлн сўм), Фарғона ва Самарқанд вилоятлари (ҳар бири 7,5 трлн сўмдан ортиқ) эгаллади. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида 2,5 трлн сўм ва Сирдарё вилоятида 1,4 трлн сўмни ташкил қилди.





