Қаршидаги портлаш: 6 киши ҳалок бўлди
Портлаш маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган.
© uznewsҚарши туманидаги «Чаман» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида 8 июн куни соат 13:50 да портлаш содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, 5 та қутқарув бўлинмаси соат 14:02 да воқеа жойига етиб борган.
Ёнғин қисқа вақт ичида ўраб олиниб, соат 14:05 да локаллаштирилган ва соат 14:55 да тўлиқ ўчирилган.
Талофатлар ва зарар
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 4 та автомобил зарарланган, 2 та ер ости ёқилғи сақлаш резервуари шикастланган.
Фожиа оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Яна 5 нафар жабрланган фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Воқеа сабаблари бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари бошланган.
Ҳукумат комиссияси иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари О.Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олиниб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.





