add

Қаттиқ бетоб бўлган Мубашшир Аҳмад, 3 млн сўм бўлган «права» ва қирғиз-тожикни муросага келтирган Мирзиёев — 7 январ дайжести

07.01.2026 | 22:014 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қаттиқ бетоб бўлган Мубашшир Аҳмад, 3 млн сўм бўлган «права» ва қирғиз-тожикни муросага келтирган Мирзиёев — 7 январ дайжести

Ягона имтиҳон марказида «права» олиш учун имтиҳон нархи 50 фоизга ошгани айтилмоқда

Ўзбекистондаги Ягона имтиҳон марказларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон нархлари 50 фоизга оширилди. Ушбу ўзгариш компания веб-сайтида жойлаштирилган Оммавий офертада қайд этилган ҳамда 6 январдан бошлаб кучга кирган.

Энди биринчи марта назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш нархи ҳар бири учун 1,5 млн сўмни ташкил этади. Умумий нарх — 3 млн сўм. Назарий ва амалий имтиҳонларни қайта топшириш учун эса тўлов ҳар бири 1,6 млн сўмдан этиб белгиланди.

«-истон ҳаммамизда бор»: Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистонни қандай огоҳлантиргани айтилди

Қирғизистонда Садир Жапаровнинг президентлик фаолиятига бағишланган «Президент» ҳужжатли филми намойиш этилди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёдаги зиддиятларни ҳал қилишдаги роли ва қўшни давлатлар раҳбарлари билан бўлган ёпиқ мулоқотлари тафсилотлари очиқланди. Хусусан, Ўзбекистон етакчиси қирғиз-тожик чегарасидаги низолар бутун минтақа имижига салбий таъсир қилишини таъкидлаган.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев доим айтиб юрди: қирғизлар билан тожиклар сизлар келишинглар, бундоқ чегарадаги низоларни тўхтатинглар, агар сизларда низо бўлаверса бизга ҳеч қандай инвестор келмайди, турист келмайди. -истон деган сўз ҳаммамизда бор, улар тушунмайди Қирғизистонми, Тожикистонми, Ўзбекистонми ё Қозоғистон. -истон дегандан сўнг бизга ҳеч ким келмайди, сизлар бундай яқинлашинглар, деб айтиб юрди-да», - деди Кулубаев.

Шунингдек, филм давомида ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаштиришдаги музокаралар ҳақида ҳам сўз кетган. Жапаров чегара масалаларини уруш-жанжал билан эмас, ўтириб суҳбатлашиб, тенг ҳуқуқлилик асосида, дўстона ҳал қилинганига алоҳида эътибор қаратган. «Биринчи йили, 2021 йил март ойида – апрел бўлиши керак [аслида 11–12 март кунлари бўлган]– Ўзбекистонга борганимда, бирдан келишиб қолдик-да. «Бисмиллаҳ» деб, юлдузимиз келишиб қолди, гаплашиб олдик, чегара муаммосини ҳал қилиб олдик», - деди Садир Жапаров.

«Мубашшир Аҳмад соғлиғидаги муаммо туфайли жазони ўтай олмайди» – адвокат

Диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг адвокатлари унинг Навоийдаги жазони ижро этиш колониясидаги аҳволи критик даражада эканини маълум қилди. Ҳимоячиларнинг сўзларига кўра, Турсунов қандли диабетнинг II типи, қон босими ва буйрак етишмовчилигидан азият чекмоқда, бироқ шунга қарамай у ғишт заводида 16 соатлаб мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда. Адвокат Абдуллоҳ Содиқнинг таъкидлашича, маҳбуснинг оёқлари шишиб, яралар пайдо бўлган ва гангрена хавфи туғилган, аммо унга лозим бўлган тиббий муолажалар берилмаяпти.

Адвокатлар ИИВ Жазони ижро этиш департаменти томонидан тақдим этилган "амбулатор даволанди" мазмунидаги маълумотларни инкор этиб, Турсунов амалда дори-дармон ва дам олиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини билдиришди. Шунингдек, уламо 2026 йил март ойида манзил-колонияга ўтказилиши керак бўлса-да, унга нисбатан сунъий равишда қоидабузарликлар расмийлаштирилиши ва тазйиқлар ўтказилишидан хавотир билдирган. Ҳозирда адвокатлар гуруҳи маҳбуснинг соғлиғи сабабли жазодан озод этилишини сўраб, юқори турувчи идораларга мурожаат қилган.

Марказий банк: «Humans» иши бўйича текширув ҳужжатлар ИИББга топширилди

Марказий банк «Humans» иловаси орқали фойдаланувчиларнинг банк карталаридан рухсатсиз пул ечиб олингани билан боғлиқ текширувларни якунлади. Регулятор томонидан тўпланган барча ҳужжатлар ва ўтказилган ўрганиш натижалари ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент шаҳар ИИББга топширилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат 2025 йил декабрь ойида содир бўлган ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида «Humans»га хизмат кўрсатувчи «Octogram» тўлов ташкилотининг P2P амалиётлари вақтинча тўхтатилган эди.

Марказий банк тузган махсус ишчи гуруҳ тўлов ташкилотида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва тизимдаги эҳтимолий заифликларни синчиклаб ўрганиб чиққан. Ҳозирда ички ишлар идоралари ушбу материаллар асосида суриштирув ишларини олиб бормоқда. Марказий банк жабрланган фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўраб, молиявий хизматлар хавфсизлиги доимий назоратда эканини яна бир бор таъкидлади.

Маҳаллалар жиноятчилик ҳолатига қараб раҳбарларга бириктирилади

Ўзбекистонда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашнинг янги тизими жорий этилмоқда. Президент қарорига кўра, эндиликда маҳаллаларнинг криминоген ҳолатига қараб юқори лавозимли раҳбарлар шахсан жавобгар этиб белгиланди. Хусусан, вазияти энг оғир бўлган «қизил» маҳаллалар ҳокимлар, прокурорлар ва ИИБ бошлиқларига, сурункали «қизил» тоифадагилари эса Миллий гвардия ва вилоят раҳбарларига бириктирилди.

Тизимга замонавий технологиялар ҳам фаол татбиқ этилмоқда: низоли оилалар билан ишлаш учун «E-низоли оила» модули ва фуқароларнинг профилактика инспекторлари билан тезкор алоқасини таъминловчи «Менинг инспекторим» мобил иловаси ишга туширилади. Эндиликда ички ишлар ходимлари мурожаатларни ҳудудидан қатъи назар планшетлар орқали қабул қилади, бу эса жиноятларга тезкор муносабат билдириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид