add

«Мубашшир Аҳмад соғлиғидаги муаммо туфайли жазони ўтай олмайди» – адвокат

07.01.2026 | 11:154 дақиқа

Алишер Турсуновнинг ҳимоячиларидан бири Феруз Абраевнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, Мубашшир Аҳмаднинг оёқлари шишиб кетиб, танасида ҳар хил яралар пайдо бўлаётганига қарамай, ғишт заводига мажбурий ишга олиб чиқилмоқда.

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов 2025 йил 8 октябр куни 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Шундан сўнг, Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан апелляция шикояти бермасликка қарор қилган. У айни вақтда Навоий вилояти, Қизилтепа туманида жойлашган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш Департаментига қарашли 5-сонли Жазони ижро этиш колониясида ўтамоқда.

Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқнинг Kun.uz'га маълум қилишича, мижозининг саломатлиги яхши эмас. Хусусан, у тергов ва суд жараёнларида ҳам «бир неча маротаба ҳимоя остидаги шахснинг қандли диабет касаллигининг II тури билан анча йиллардан буён оғриб келиши»ни айтиб, илтимосномалар киритган. Бироқ эҳтиёт чораси ва жазо тайинлаш масаласида ушбу ҳолатлар инобатга олинмаган. Маълум бўлишича, Алишер Турсуновда саломатлик билан боғлиқ муаммолар турмада ҳам давом этмоқда.

26 ноябр куни Алишер Турсунов билан адвокатлар бевосита 5-сонли ЖИЭКда учрашган вақтида, унинг қон босими бир неча маротаба 180 ммдан ошганлиги, қандли диабет касаллиги натижасида буйраклари яхши ишламаётганлиги, оёқлари шишиб кетганлиги ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлари соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётганлиги маълум бўлган.

Шунингдек ушбу факт адвокатлик сўровига ИИВ ЖИЭД томонидан тақдим этилган хатда ҳам ўз тасдиғини топган.

3

ЖИЭД 5-сонли Жазони ижро этиш колонияси томонидан адвокатларга берилган жавоб хати

Хатда Алишер Турсунов Қандли диабет II типи ва унга йўлдош касалликлар ташхиси билан ноябр ойининг ўзида 3 маротаба амбулатор тартибда даво муолажаларини олиб келгани ёзилган. Хусусан:

5-6 ноябр кунлари – «Қандли диабет II тип. Чап оёқ артрози» ташхиси билан;

10-14 ноябр кунлари – «Юқори нафас йўллари катари. Ўнг оёқ I бармоқ панарицияси» ташхиси билан;

24-30 ноябр кунлари – «Қандли диабет II тип, инсулинга муҳтож тури, ЙИК стабил стенокардия ФС II. ГК II. АГ II. Хавф IV.» ташхиси билан» амбулатор тартибда даво муолажаларини олиб келган, деб кўрсатилган.

Адвокат Абдуллоҳ Содиқнинг маълум қилишича, Департамент бошлиғи ўринбосари ва тиббий хизмат бошлиғи адвокатларга Алишер Турсунов соғлиги борасида нотўғри маълумот тақдим этган. Хусусан, 2025 йил 26 декабр куни адвокатлар Алишер Турсунов билан такроран учрашганида, у хатда кўрсатилган муолажаларнинг бирортасини олмагани, уни фақат тиббий кўрикдан ўтказишгани, лекин ётиб даволанмагани, дори воситалари билан таъминланмагани, шунингдек оддий дам олишга ҳам рухсат йўқлигини маълум қилган.

«Қолаверса, жазони ўташ давомида А.Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилмоқда. Алишер Турсунов соғлигининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда Алишер Турсуновнинг соғлиги яхши эмаслиги, қандли диабет касаллиги қийнаётганлиги, оёқлари шишиб кетиб, буйраги яхши ҳолатда эмаслиги, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганлигини кўра-била туриб, уни оғир ва совуқ об-ҳавода меҳнат қилишга жалб этишдан мақсад нима?», дейди адвокат Абдуллоҳ Содиқ.

2025 йил 28 октябр куни жойлаштирилган (этап қилинган) маҳбуснинг 1 ой ичида 3 маротаба даволангани, қандли диабет, артроз, стенокардия ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлар билан оғриши ушбу шахсни озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтай олмаслигини англатади, дейди адвокат.

Шунингдек, Алишер Турсунов адвокатлар билан суҳбатда «2026 йилнинг 11 мартида қонун бўйича жазонинг 3/1 қисмини ўтаб бўлганлиги сабабли манзил-колонияга ўтказилиши кераклигини айтган. Лекин, у ўзига ҳар-хил тазйиқлар ўтказилиб, арзимас нарса билан қоидабузарлик расмийлаштириб, ўтказилишини кечиктиришга ҳаракат бўлишидан» хавотирланмоқда.

Бундан ташқари, Алишер Турсунов муассаса ходимлари томонидан унга нисбатан бошқа маҳбуслар қатори бир хил муносабат бўлмаётганлигини айтган.

«Бир мисол: кимдир оддий шамоллаш билан оғриса, 5-6 кунлаб тиббий пунктда даволаниб чиқади. Бироқ унинг шунча касаллиги бўлса-да, оёқлари шишиб кетган ҳамда оёғидаги яралар қорайиб, гангрена касаллигига қараб кетаётган, бир сўз билан айтганда аҳволи критик даражада бўлсада даволанишга рухсат йўқ. Фақат ишга чиқ деб мажбурлашади», деди унинг ҳимоячиси.

Шу билан бирга Алишер Турсунов оёқлари ва ундаги яралар оғриётганлиги ҳақидаги шикоятлари эътиборсиз қолаётганлигини, фақат оғриқ қолдирувчи укол қилаётгани ва вақтинчалик чорадан кейин барибир юришга қийналаётганини, адвокатлари билан камроқ учрашиш учун босимлар бўлаётганини айтган.

Шунингдек Vaqt.uz Алишер Турсуновнинг суддаги ҳимоячиларидан яна бири Феруз Абраев билан боғланди. Адвокатнанг маълум қилишича, адвокатлар жамоаси ҳимояси остидаги шахснинг бузилаётган ҳуқуқлари юзасидан шахсан Ички ишлар вазири қабулида ҳам бўлишган. Шунингдек, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга аризалар киритилган. Бундан ташқари, судга яқин кунларда кассация тартибида ариза киритиш масаласи ҳам кўриб чиқмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 75-моддаси биринчи қисмига кўра«ҳукм чиқарилганидан кейин …жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим».

Ушбу моддага мувофиқ тушадиган касалликлар «Оғир касалликка чалинган маҳкумларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги ИИВ ва ССВнинг қўшма қарорида келтирилган.

Хусусан, диний уламо Мубашшир Аҳмадга аниқ ташхис қўйилган «Қандли диабет II типи» – қўшма қарордаги «Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар» рўйхатида мавжуд.

Аввалроқ, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Салим Абдувалиев ҳам соғлиғи сабаб Жиноят кодексининг 75-моддаси асосида жазодан озод қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид