Қайси давлат олийгоҳлари кўпроқ даромад қиляпти?
Ўзбекистонда давлат олийгоҳларининг молиявий кўрсаткичлари очиқланди — тизим умумий ҳисобда зарар билан ишлаётган бўлса-да, айрим университетлар юзлаб млрд сўм фойда кўришга эришди. Энг кўп даромад, фойда ва зарар кўрган олийгоҳлар рўйхати билан танишинг:

Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларининг 2025-йил учун молиявий кўрсаткичлари эълон қилинди. Тизимда кўпчилик университетлар йилни зарар билан якунлаган.
Барча университетларнинг умумий даромади 12 трлн сўм бўлди. Харажатлар эса қарийб 300 млрд сўмга кўпроқ бўлиб, 12,3 трлн сўмни ташкил қилди.
Даромадлар кесимида Тошкент давлат иқтисодиёт университети 909 млрд сўм билан етакчи ўринни эгаллади. Халқ тилида «Нархоз» дея аталадиган университет ўтган йили ҳам бу борада биринчи ўринда эди.
Ундан кейинги поғоналарда Ўзбекистон миллий университети (650 млрд сўм) ва Қорақалпоқ давлат университети (571,2 млрд сўм) жой олди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 77,7 млрд сўм билан энг кўп соф фойда олган олийгоҳга айланди. Қарши давлат техника университети эса 57,8 млрд сўм билан иккинчи ўринни, Андижон давлат техника институти 33,8 млрд сўм билан учинчи ўринни эгаллади.
Қизиғи, Қорақалпоқ давлат университети 2024-йилда энг кўп зарар кўрган олийгоҳ бўлганди.

Ўтган йилда энг кўп зарар кўрган олийгоҳ Навоий давлат педагогика институти бўлди. Унинг даромади харажатларидан 93,8 млрд сўмга камроқ бўлган.
Кейинги энг кўп зарар кўрган олий таълим муассасаси Қўқон давлат педагогика институти бўлиб, унинг зарари 73,7 млрд сўмни ташкил қилди.
Барча олийгоҳларнинг молиявий кўрсаткичлари билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳисоботида танишиш мумкин.
Хусусий олийгоҳларда кўрсаткичлар қандай?
Хусусий ОТМлар орасида биринчи ўринни Тошкент кимё халқаро университети эгаллади. Унинг даромади ўтган йил давомида 1,1 трлн сўмни ташкил қилди. Соф фойда эса 872 млрд сўм бўлган бўлса, тўланган солиқлар 68,1 млрд сўмга етди.
Шунга қарамай, университетнинг молиявий кўрсаткичлари 2024-йилга нисбатан сезиларли пасайган.
Хусусий университетнинг даромади йил давомида 25,5 фоизга, фойдаси эса 38,6 фоизга камайиб кетди. Бироқ, тўланган солиқлар бу даврда 76 фоизга кўпайган.
Иккинчи ўринни Тошкент амалий фанлар университети эгаллади. Унинг фойдаси 219 млрд сўмни ташкил қилди. Даромад 367,7 млрд сўм, тўланган солиқлар 35,4 млрд сўм бўлди.
Кучли учликни Альфраганус университети ёпиб берди. Университет 2024-йилда иккинчи ўринда эди. 2025-йилда унинг фойдаси 30,2 фоизга камайиб, 210,1 млрд сўмни ташкил қилди. Даромад 403,8 млрд сўм, солиқлар 46,3 млрд сўм бўлди.





