
Қирғизистон миллий стейблкоинни ишга туширди
Бишкекда АҚШ долларига боғланган ва жисмоний олтин билан таъминланган USDKG номли давлат стейблкоинининг биринчи эмиссияси тантанали равишда муомалага чиқарилди.

Қирғизистон пойтахтида USDKG стейблкоинининг биринчи эмиссияси расман ишга туширилди. Бу жисмоний олтин билан таъминланган ва АҚШ долларига боғланган миллий рақамли токендир.
Маросимда президент Садир Жапаров, Молия вазири Алмаз Бакетаев ва «Виртуал активлар эмитенти» ОАЖ бошқаруви раиси Бийболот Мамитов иштирок этди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Трон тармоғида 50 миллион USDKG токенини чиқариш ва муомалага киритиш бошланди. Ҳар бир токен бир долларга тенг бўлиб, унинг қиймати тўлиқ жисмоний олтин билан таъминланган.
USDKG давлат стейблкоини сифатида тақдим этилмоқда. У шаффоф ва хавфсиз рақамли валюта сифатида ишлаб чиқилган. Яратувчиларнинг таъкидлашича, токен олтиннинг ишончлилиги ва блокчейн технологиясининг афзалликларини ўзида мужассам этган.
Президент маъмурияти хабарида айтилишича, бу лойиҳанинг ишга туширилиши Қирғизистон учун глобал молиявий экотизимда янги имкониятлар яратади. У блокчейн платформасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган Wеб3 инфратузилмаси ва марказлашмаган хизматларни ривожлантириш учун асос бўлиши кутилмоқда.
Ҳукумат вакиллари фикрича, стейблкоин мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширади ва капитал ҳамда технологик ҳамкорлар оқимини рағбатлантириши мумкин.
Илгари хабар қилинганидек, USDKG дунёда биринчи бўлиб жисмоний олтин билан таъминланган давлат стейблкоинига айланган.





