add

Қирғизистонда валюта айирбошлашда пулнинг келиб чиқиш манбаси текширилади

06.01.2026 | 14:111 дақиқа

Қирғизистон Миллий банки томонидан барча валюта айирбошлаш операциялари бўйича маълумотлар камида беш йил давомида сақланиши белгиланди.

Қирғизистонда валюта айирбошлашда пулнинг келиб чиқиш манбаси текширилади

Қирғизистонда 14 январдан бошлаб валюта айирбошлаш шохобчалари фаолиятига янги талаблар жорий этилди. Унга кўра, айирбошлаш нуқталари мижозларнинг шахсини аниқлаш, зарурат туғилганда эса пул маблағларининг келиб чиқиш манбасини текшириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

Янги қоидалар Қирғизистон Республикаси Миллий банки томонидан тасдиқланган бўлиб, мамлакат фуқаролари ва хорижий шахсларга бирдек татбиқ этилади. Регулятор изоҳича, қарор даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва бошқа молиявий жиноятларга қарши курашишни кучайтириш мақсадида қабул қилинган.

Тартибга кўра, валюта айирбошлаш шохобчалари мижозларнинг ҳужжатларини текшириши, катта ёки ғайриоддий операцияларга алоҳида эътибор қаратиши мумкин. Шунингдек, маблағ манбаси шубҳа уйғотган ҳолларда қўшимча маълумот ёки ҳужжатлар талаб этилади.

Яна бир муҳим жиҳат — шубҳали деб баҳоланган операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш ва бу ҳақда Миллий банкка хабар бериш мажбурияти жорий этилди. Барча валюта айирбошлаш операциялари бўйича маълумотлар камида беш йил давомида сақланиши шарт.

Мутасаддилар таъкидлашича, оддий мижозлар учун айирбошлаш жараёни аввалгидек давом этади. Фақат йирик миқдордаги маблағлар ёки стандартдан четга чиқувчи операциялар амалга оширилганда текширувлар кучайтирилади. Бу чоралар молиявий тизим барқарорлигини сақлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид