add

Қиш олдидан аҳоли ёқилғи ва коммунал хизматлар нархларидан хавотирда

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли ва тадбиркорлар орасида инфляция кутилмалари тарихий минимумга етди. Бироқ одамлар коммунал тўловлар, ёқилғи ва энергия нархлари, шунингдек, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишидан хавотирда эканлигини билдирган.

Қиш олдидан аҳоли ёқилғи ва коммунал хизматлар нархларидан хавотирда

Марказий банк маълумотларига кўра, октябрь ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга пасайиб, 11,7 фоизга ташкил қилмоқда.

Тадбиркорларнинг кутилмалари эса 0,6 фоизга секинлашиб, 11,1 фоизни кўрсатмоқда. Ўтган ойда 11,7 фоиз бўлган эди. Ҳар икки кўрсаткичда ҳам рақамлар нуқтаи назаридан пасайиш қайд этилган, аммо айрим соҳаларда хавотирлар ортди.

Энг қизиғи, инфляцион кутилмаларга оид сўровномалар ўтказила бошлаган 2018 йилдан бери ўтган давр учун тарихий минимумгача пасайди.

xavotir 01

Аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳар иккиси ҳам бирдек коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашишидан хавотирланмоқда. Бу кўрсаткич эса ойдан ойга ошиб бормоқда. Сабаб сифатида қиш мавсумининг яқинлашаётгани ва аҳолининг бу маҳсулотларга талаби кун сайин ортиб бораётганини айтишимиз мумкин. Негаки «ҳар йил қишда шу бўлар такрор» анъанасига мувофиқ ҳолда, метандан то бензин, пропан қуйиш шохобчаларида «турнақатор навбат»лар бошланади.

Шунингдек, одамларнинг газ, электр, иссиқ сув билан боғлиқ эҳтиёжлари ортиб, «лимит»дан чиқиш ҳолатлари ортади. Натижада одамлар бу хизматлар учун кўпроқ маблағ сарфлайди. Аввалроқ, Vaqt.uz аҳолидан коммунал тўловларга қанча пул сарфлаши, қишда эҳтиёжлари қанчалик ошишини ўрганган эди.

Маълумот учун, коммунал хизматлар ва ёқилғи билан боғлиқ нархлар ортиши билан боғлиқ хавотирлар август ойидан буён етакчиликни қайд қилмоқда.

Одамлар орасида асосий озиқ-овқат нархлари ошишига нисбатан инфляцион кутилмалар ҳам бироз ошган. Хусусан, сўнгги икки ойдирки, озиқ-овқат инфляцияси 0,9 фоиздан пасаймаган. Мавсумий мева-сабзавот маҳсулотларининг қимматлашиши қайд этилмоқда. Аввалроқ, Vaqt.uz нархлари қимматлаган 22 та озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини очиқлаган эди.

Одамларнинг озиқ-овқат нархлари ошиши бўйича хавотирлари ўринли. Статистика қўмитасининг маълумотларига таянадиган бўлсак, сентябрда асосан инсонлар кундалик ҳаётда фойдаланадиган ёғ, суякли ва суяксиз мол гўшти, қўй гўшти, сабзи, картошка, пиёз, карам кабиларда сезиларли қимматлашув қайд қилинган.

xavotir 02

Тадбиркорлар орасида эса транспорт харажатлари ва хомашё ошишига оид кутилмалар ҳам сезиларли ошган. Хусусан, сентябр ойидан бошлаб тадбиркорларнинг хомашё нархлари ошиши бўйича хавотирлари кучаймоқда. Айни пайтда, иш ҳақи ва нафақалар, доллар курси ошиши, солиқ юкининг юқорилигини таъкидлаганлар улуши камайган.

Бундан ташқари, октябрдан бошлаб Тошкент ва атроф шаҳарларда электр поезд йўл ҳақи оширилди. Умуман республика бўйлаб транспорт хизматлари 2,5 фоизга қимматлашди: шаҳар автобусларида йўл ҳақи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автобусларда 1,1 фоиз ошди.

Ҳар икки гуруҳда ҳам 3 ойдан буён ижобий натижа кўрсатаётган омил эса бу – валюта курсининг ўзгаришига оид кутилмалар бўлмоқда. Энди одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам курс барқарорлигига ишончи масаласида «яшил ҳудуд»га кирган. Маълумот учун, 24 октябрь куни бўлган асосий ставка бўйича матбуот анжуманида Марказий банк раиси Темур Ишметов сўм долларга нисбатан 6,4 фоизга мустахкамланганини маълум қилган эди.

xavotir 03

Аҳолининг юқори инфляцион кутилмалари маиший хизматлар соҳаси вакиллари томонидан билдирилган бўлса, келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар пенсионерлар томонидан қайд этилди. Сентябрда эса бошқача манзара юзага келганди: аҳоли орасида юқори инфляцион кутилмалар пенсия ёшидаги фуқаролар томонидан билдирилган бўлса, нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари орасида кузатилган.

Тадбиркорлар орасида маданият ва санъат соҳасида фаолият олиб борувчи ташкилотлар томонидан қайд этилган бўлса, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ хавотирлар нисбатан паст бўлган. Сентябрда эса ахборот технологиялари ва ОАВ соҳалари 13,3 фоиз билан етакчилик қилган эди.

xavotir 04

Октябр ойида энг юқори инфляцион кутилмалар аҳоли орасида Тошкент шаҳрида 14,5 фоиз бўлиб, 2,1 фоиз ўсиш қайд этилган. Сентябр ойида эса етакчилик қилган Сирдарё вилояти, бу сафарги кўрсаткичларда 11 ўринга тушди.

Нисбатан пастроқ кутилмалар эса водий вилоятларига, яъни Наманган, Андижон ва Фарғонага тўғри келмоқда. Марказий банкнинг қайд этишича, бу ҳудуддаги бозор шароитлари ва харажатлар таркибидаги ўзгаришлар билан изоҳланади. Бунга, шунингдек, аҳолининг даромадлар даражасини қўшимча қилиш мумкин.

xavotir 05-1

Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Хоразм вилоятида кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан қайд этилди.

Солиштирадиган бўлсак, сўнгги икки ойда ҳудудлар кесимидаги аҳолининг инфляцион кутилмаларига оид натижалар сезиларли тарзда ўзгармоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам аввалги ойдагидек сакровчи халинчак кўрсаткичлар давом этаётгани ва бунга регулятор изоҳ бериши кераклигини ёзмоқда.

xavotir 06-1

Даромадлари 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланган. Айниқса, 20–30 млн сўм атрофида пул топувчилар энг баланд кўрсаткич – 19 фоизни кўрсатмоқда.


Сезилган инфляция

Октябрь ойи якунларига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз сақланиб, 12,4 фоизни қайд этди. Бундан юқори кўрсаткични Тошкент шаҳри қайд этган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция даражаси Хоразм вилоятида кузатилди.

Сўровномага кўра, гўшт ва сут, бензин ва ёқилғи, дорилар, мева-сабзавотлар, тухум, қурилиш моллари, тиббий хизматлар, нон ва ун, таъмирлаш нархлари юқори даражада ўсганини қайд этганлар улуши ортган. Маълумот учун, аввалроқ октябрда бозорларда мева-сабзавотларнинг қимматлашгани ҳақда ёзган эдик.

Марказий банк хулосасига кўра, сўров натижалари аҳолининг нархлар бўйича кутилмалари аста-секин пасаётаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат, бир томондан, иқтисодий ишонч ортиб бораётганини, иккинчи томондан эса қарор ва сигналлар эҳтиёткорлик билан баҳоланаётганини англатади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 11

Барчаси

Мавзуга оид

Қиш олдидан аҳоли ёқилғи ва коммунал хизматлар нархларидан хавотирда | Vaqt.uz