
Қишки таътилда қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилди
Қишки таътил даврида йўловчилар оқимининг ортиши инобатга олиниб, темир йўл йўналишларида қўшимча поезд қатновлари ва вагонлар сони оширилди. Янги жадвал 2025 йил охири ва 2026 йил бошидаги талабни барқарор таъминлашга қаратилган.

2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 12 январга қадар қишки таътил муносабати билан бир қатор йўналишларда қўшимча поезд қатновлари ташкил этилади. Бу қарор йўловчиларнинг темир йўл транспортига бўлган юқори талабини қондириш мақсадида қабул қилинган.
Тошкент – Самарқанд – Тошкент йўналишида 2025 йил 26–31 декабр кунлари ҳамда 2026 йил 4 январда «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездининг қўшимча қатновлари амалга оширилади. Ушбу йўналишда жами 14 та қўшимча рейс режалаштирилган.
Шунингдек, Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида 2025 йил 26–31 декабр кунлари «Afrosiyob» электропоездининг қўшимча 4 та рейс режалаштирилган. Бу эса байрам кунларида Бухорога бўлган сафарлар сонининг ортишига мослаштирилган.
Тошкент – Хива – Тошкент йўналишида эса 2026 йил 12 январга қадар қўшимча йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади. Мазкур йўналишда жами 12 та қўшимча рейс амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қатор йўналишларда ҳаракатланувчи поездларга қўшимча вагонлар қўшилади. Хусусан, Тошкент – Хива – Тошкент, Тошкент – Шовот – Тошкент, Тошкент – Қўнғирот – Тошкент, Тошкент – Термиз – Тошкент ҳамда Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишларида 2026 йил 12 январга қадар ҳар куни 4 тадан қўшимча вагон қатнайди.
Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот котиби Алишер Болтабоевнинг Vaqt.uz нашрига маълум қилишича, 15 декабрдан бошлаб қўшимча вагонлар ва поездлар қўшилиши керак эди.
«Чипталар платформада эълон қилинишидан олдин сотилиб кетган бўлмайди. Чунки қўшимча қўйилган вагонлар ва поездларнинг чипталари ўрнатилган тартибда кассаларга берилади. Жумладан, Миллий университетда сайёр кассалар ташкил қилинган. Шунингдек, Иқтисодиёт университетида ҳам сайёр касса фаолият кўрсатяпти», — деган Алишер Болтабоев Vaqt.uz мухбирига.





