Logo

Қорақалпоғистонда крипто компанияларга янги имтиёзлар берилиши мумкин

Бугун 11:252 дақиқа

Қорақалпоғистондаги «Besqala Mining Valley» махсус зонаси резидентлари учун криптоактивлар соҳасидаги йиғимларни бекор қилиш таклиф этилди.

Қорақалпоғистонда крипто компанияларга янги имтиёзлар берилиши мумкин © companies.rbc.ru

Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптоактивлар айланмаси соҳасидаги фаолият учун йиғимлар тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Лойиҳага кўра, Қорақалпоғистондаги «Besqala Mining Valley» махсус зонаси ҳудудида фаолият юритувчи майнерлар ҳамда крипто хизматлар провайдерлари йиғимлардан озод этилиши мумкин.

Таклиф крипто-биржалар, крипто-дўконлар, криптодепозитарийлар ва майнерларга тааллуқли бўлиб, ҳужжат қабул қилинса, ўзгартишлар дарҳол кучга киради. Лойиҳа юзасидан таклиф ва фикрлар 18 июнгача қабул қилинади.

Амалдаги тартибга мувофиқ:

— майнерлар БҲМнинг 10 баравари;

— криптодепозитарийлар БҲМнинг 5 баравари;

— майнинг-пуллар БҲМнинг 100 баравари;

— крипто-дўконлар БҲМнинг 185 баравари;

— крипто-биржалар БҲМнинг 740 баравари миқдорида йиғим тўлайди.

«Besqala Mining Valley» лойиҳаси Қорақалпоғистонни юқори технологиялар марказига айлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари доирасида махсус майнинг зонасини яратиш бўйича топшириқ берган эди. 17 апрель куни эса «Қорақалпоғистон Республикасида махсус майнинг зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида қабул қилинди.

Зона имкониятлари

Апрель ойида қабул қилинган қарорга кўра, «Besqala Mining Valley» иштирокчилари криптоактивларни қазиб олиш, уларни миллий ва халқаро платформаларда сотиш ҳамда айирбошлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Зона резидентлари фақат Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар бўлиши мумкин. Улар 2035 йил бошигача даромад солиғидан озод этилади, аммо ўз даромадларининг 1 фоизини зона дирекциясига ўтказиб боради. Шунингдек, ҳужжатларда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, криптоактивларни сотиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Теглар

Мавзуга оид