
Қўриқлаш хизмати яна Ички ишлар вазирлигига қайтарилди
Президент қарорига мувофиқ, Миллий гвардия таркибидаги Қўриқлаш бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Ўзбекистонда қўриқлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Миллий гвардия тасарруфида бўлган Қўриқлаш бош бошқармаси қайтадан Ички ишлар вазирлигига ўтказилиб, ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб ташкил этилди.
Аввалроқ ушбу департамент раҳбарлигига полковник Қобил Шодибеков Адилович вазифасини бажарувчи сифатида тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Янги департаментга бир қатор муҳим вазифалар юкланди. Давлат ва стратегик аҳамиятга эга объектлар, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, кўнгилочар масканлар, таълим муассасалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлаш асосий йўналишлардан бири этиб белгиланди. Шунингдек, объектларда ички тартиб ва назорат режимини таъминлаш, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш вазифаси ҳам белгилаб берилди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан қўриқланадиган банклар, йирик саноат корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бир қатор муҳим объектларга кириш-чиқиш нуқталарига юзни таниш имконига эга техник воситалар босқичма-босқич ўрнатилади. Шу билан бирга, департаментга қўриқланадиган объектларда ўрнатилган техник воситаларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
Маҳаллаларда қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини кучайтириш мақсадида криминоген вазияти оғир ҳудудларда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари таркибига қўриқлаш хизмати инспектори лавозими киритилади. Туристик объектлар ва оммавий дам олиш жойларида эса қўриқлаш-патрул нарядлари ташкил этилади.
Қарор доирасида «Хавфсиз таълим» концепцияси ҳам жорий этилади. У таълим муассасалари хавфсизлигини жисмоний ва техник қўриқлаш асосида таъминлаш, шартнома асосида сигнализация, видеокузатув ва ташвиш тугмалари ўрнатиш, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади.





