Logo

Қозоғистон яширин иқтисодиётга қарши 2028-йилгача мўлжалланган режани тасдиқлади

Ҳукумат кўрсаткични 13,8 фоизга туширишни режалаштирмоқда.

Қозоғистон яширин иқтисодиётга қарши 2028-йилгача мўлжалланган режани тасдиқлади © depositphotos.com

Қозоғистон ҳукумати 2026–2028-йилларда яширин иқтисодиётга қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. Ҳужжат Молия вазирлиги томонидан бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, уни бош вазир Олжас Бектенов имзолади.

Режанинг асосий мақсади — яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, ҳалол рақобатни таъминлаш, бизнес фаолияти шаффофлигини ошириш ва тадбиркорларга қўшимча мажбурият юкламаган ҳолда бюджет тушумларини кўпайтириш.

Яширин иқтисодиёт улуши 13,8 фоизгача камайтирилади

Сўнгги йилларда яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайтирилди. 20 та ахборот тизими жорий этилди ва модернизация қилинди, айланмаси 2 триллион тенге (4 млрд доллар атрофида) бўлган интернет-казинолар молиявий инфратузилмаси фаолиятига чек қўйилди. Шунингдек, 360 миллиард тенге (тахминан 720 млн доллар) миқдоридаги асоссиз бюджет харажатларининг олди олинди. Натижада яширин иқтисодиёт улуши 2019-йилдаги 24 фоиздан 2025-йил якунида 16,7 фоизгача камайди. Энди ҳукумат бу кўрсаткични 2028-йилгача 13,8 фоизга туширишни режалаштирмоқда.

Асосий восита — сунъий интеллектли рақамли платформа

Бунинг учун сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона рақамли мониторинг платформаси яратилади. У турли давлат идоралари маълумотларини бирлаштириб, яширин иқтисодиёт билан боғлиқ хавфларни тез аниқлаш ва бюджетга зарар етказилишидан олдин қонунбузарликларнинг олдини олиш имконини беради. Режадан иқтисодиёт шаффофлигини ошириш ва хавф юқори бўлган савдо, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаларини рақамлаштиришга қаратилган 53 та чора-тадбир ўрин олган.

Савдо соҳасида нималар ўзгаради?

Савдо соҳасини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. «Digital Bazaar» электрон бозорлари бошқарув платформаси ривожлантирилади, мажбурий рақамли маркировка қўлланадиган маҳсулотлар рўйхати ҳамда Миллий маҳсулотлар каталоги кенгайтирилади. Таъкидланишича, бу товар айланмасини янада шаффоф қилади, қалбаки маҳсулотлар улушини камайтиради ва бозордаги барча иштирокчилар учун тенг шароит яратади.

Шунингдек, акциз ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар айланмасини назорат қилиш автоматлаштирилади, электрон тижорат ва маркетплейсларни тартибга солиш такомиллаштирилади ҳамда давлат ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинади.

Ижтимоий соҳада ҳам рақамли назорат кучайтирилади

Ижтимоий соҳада хизматлар сифати, нархлар ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини назорат қилувчи рақамли воситалар жорий этилади. Шунингдек, айрим давлат дастурларида қўлланаётган «Рақамли тенге» лойиҳаси кенгайтирилади. Бу давлат маблағлари ҳаракатининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳукуматга кўра, мазкур режа бизнес учун янги маъмурий юкламаларни келтириб чиқармайди. Асосий эътибор иқтисодиётни рақамлаштириш, жараёнларни автоматлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий таҳлилий воситалардан фойдаланишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ рақамли тенге Қозоғистонда расмий ҳуқуқий мақомга эга бўлгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид