Қозоғистондаги референдумда 86,7 фоиз сайловчилар янги Конституцияни қўллаб-қувватлади
Қозоғистонда ўтган референдум натижаларига кўра, мамлакат давлат бошқарувининг мутлақо янги моделига ўтади: вице-президентлик лавозими қайта тикланади ва парламент тизими тубдан ўзгаради.

15-март куни Қозоғистонда янги Конституция бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 75,3 фоизи овоз беришда қатнашган ва уларнинг 86,7 фоизи янги Асосий қонунни ёқлаб овоз берган. 2026-йил 1-июлдан кучга кирадиган ушбу ҳужжат мамлакат мустақиллик йилларидаги еттинчи, Қосим-Жўмарт Тўқаев давридаги эса иккинчи конституциявий ислоҳотдир. Бу галги референдумда фуқаролар алоҳида ўзгартиришлар учун эмас, балки 84 фоизи янгиланган бутун ҳужжат учун бирданига овоз бердилар.
Янги Конституцияга мувофиқ, Қозоғистон давлат бошқаруви тизими сезиларли даражада ўзгаради. Энг муҳим янгиликлардан бири — 1996-йилда бекор қилинган вице-президент лавозимининг қайтарилишидир. Шунингдек, икки палатли парламент (Мажилис ва Сенат) ўрнига 145 нафар депутатдан иборат бир палатли Қурултой ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакат ички сиёсатидаги муҳим масалалар бўйича маслаҳат берувчи ва миллий бирликни мустаҳкамловчи янги орган — Халқ кенгаши тузиладиган бўлди.
Тил ва фуқаролик
Янги таҳрирдаги Асосий қонунда рус тилининг мақомига ҳам аниқлик киритилди. Қозоқ тили давлат тили сифатида қолган бўлса-да, давлат ташкилотларида рус тилининг қўлланилиши бўйича банд «қозоқ тили билан баробар» иборасидан «қозоқ тили билан бир қаторда» шаклига ўзгартирилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу ўзгариш рус тилидан фойдаланишни тақиқламайди, бироқ унинг мақомини давлат тили билан мутлақ тенгликдан кўра, иккинчи даражали шерикликка яқинлаштиради.
Шунингдек, Конституцияда қўшфуқароликка мутлақ тақиқ ўрнатилди ва бу қоидани бузиш Қозоғистон паспортини бекор қилишга асос бўлиши белгиланди. Оила институтига оид бандда эса никоҳ «эркак ва аёлнинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи» экани қатъий қайд этилди. Ижтимоий секторда фаолият юритувчи нодавлат ташкилотларга (ННТ) эса чет элдан олинадиган маблағлар ва мулклар ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш мажбурияти юкланди.
Ислоҳотларнинг бош мақсади
Бу галги референдум Тўқаевнинг «Адолатли Қозоғистон» қуриш йўлидаги энг муҳим қадамларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Ислоҳотларнинг асосий мақсади «кучли президент — таъсирли парламент — ҳисобдор ҳукумат» формуласини ҳаётга татбиқ этишдир. 2022-йилги «қонли январ» воқеаларидан сўнг бошланган бу жараён Қозоғистонни суперпрезидентлик республикасидан президентлик республикасига трансформация қилди ва қариндош-уруғчиликка чек қўйди.
Янги Конституция, шунингдек, алоҳида ҳудудлар ва шаҳарлар учун махсус ҳуқуқий режимларни жорий этишга рухсат беради. Бу иқтисодий ривожланишни тезлаштириш ва молиявий эркинликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Партияларни хорижий компаниялар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан молиялаштиришнинг тақиқланиши эса мамлакатнинг ички сиёсатига ташқи таъсирларни камайтиришга қаратилган стратегик қадамдир.





