add

Қурилиш чиқиндилари қайта ишлашга шартнома асосида топширилади

Бугун 17:45252 дақиқа

2026 йилдан қурилишда ҳосил бўладиган чиқиндилар мажбурий равишда қайта ишлашга йўналтирилиб, хавфли материаллар айланмадан чиқарилиши қатъий назоратга олинади.

Қурилиш чиқиндилари қайта ишлашга шартнома асосида топширилади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб қурилиш чиқиндиларидан такрорий фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш бўйича янги тартиб амалга киритилади. Президент қарорига мувофиқ, бинолар, йўллар ва муҳандислик тармоқларини қуриш ёки таъмирлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар фақат махсус корхоналарга ёки чиқиндилар полигонига шартнома асосида топширилади. Бу орқали тармоқда шаффофликни ошириш ва хавфсизлик талабларини қатъий бажариш мақсад қилинган.

Лойиҳа-смета ҳужжатларида чиқиндилар ҳажми ва уларни тўплаш ҳудудларини белгилаш эндиликда мажбурий ҳисобланади. Шу билан бирга, қурилиш вақтида ҳавога тарқалиши мумкин бўлган чангаланиш ва нохуш ҳидларни бартараф этиш чоралари ҳам норма сифатида киритилди. Бу талаблар амалдаги шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ жорий этилади.

2026 йил 1 февралдан хавфли қурилиш материаллари муомаладан чиқарилиши устидан назорат кучайтирилади. Хавфли деб топилган материаллар мажбурий тарзда қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарга юборилиши шарт бўлади. Бу жараён Экология қўмитаси, Давлат экологик назорат инспекцияси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш инспекцияси томонидан доимий мониторинг қилинади. Бош прокуратура эса талабларни бутун республика бўйлаб бир хил қўлланишини таъминлайди.

Шунингдек, газбетон маҳсулотларидан фойдаланиш тартибини аниқ белгилаш бўйича меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда. Қарорга кўра, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 62 трлн сўмга етказилиб, соҳада 3,5 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 2026 йил 1 мартдан «Техник тартибга солиш» ва «Шаффоф қурилиш» тизимлари интеграция қилиниб, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган корхоналар ягона реестрга киритилади.

Теглар

Мавзуга оид