
Қуёш панеллари ўрнатган 35,3 минг киши субсидия олди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун қанча миқдорда давлат бюджетидан субсидия олингани маълум қилинди.

Солиқ қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида 35 284 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун 153 млрд 643 млн сўм давлат бюджетидан субсидия олди.
Қайд этилишича, ҳудудлар бўйича субсидиянинг энг катта қисми 42,6 млрд сўм билан Хоразм вилоятига тўғри келмоқда. Кейинги етакчи ҳудудлар эса Қорақалпоғистон Республикаси (22,4 млрд сўм) ва Бухоро вилояти (15,3 млрд сўм) бўлди.
Субсидияни «Солиқ» мобил иловаси «Кешбек ва имтиёзлар» хизматининг «Қуёшли хонадон» бўлимидаги «Картага пул ўтказиш» ойнаси орқали банк картасига ўтказиб олиш мумкин, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2023 йил 1 апрелдан «Қуёшли хонадон» дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1 000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент раислигида ўтган йиғилишда 2026 йил бюджети муҳокама қилиниб, самара бермаётган субсидия ва имтиёзларни тугатиш вазифаси қўйилгани ҳақида хабар берилганди.





