add

Расмий Тошкент Исроилнинг Қатарга ҳужумига муносабат билдирди

Тошкент Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳадаги турар-жой ҳудудига ҳаво ҳужумини амалга оширганини давлат суверенитетини бузиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини топташ деб баҳолади.

Расмий Тошкент Исроилнинг Қатарга ҳужумига муносабат билдирди
Ўзбекистон Исроил томонидан Қатарнинг Доҳа шаҳридаги турар-жой ҳудудига қилинган ҳужумни Қатар давлати суверенитети, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган очиқдан-очиқ тажовуз сифатида баҳолади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. «Ўзбекистон Республикаси Исроилнинг Доҳа шаҳридаги турар жой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралайди ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолайди. Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади», - дейилади расмий баёнотда. Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши эканини билдиради. Маълумот учун,Исроил бугун, 9 сентябр куни Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС амалдорларига нисбатан ҳаво ҳужуми уюштирди. Axios’нинг хабар беришича, ҳужум АҚШ билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилган ва у Ғазода гаровда қолганларни озод этиш ҳамда тинчлик келишувига оид жараёнлар фонунда содир этилган. ЦАҲАЛ ва Шин Бет бу зарбани «7 октябр воқеалари учун масъул ҲАМАС раҳбарларига қаратилган аниқ ҳужум» сифатида баҳолади. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳодисани «жиноий тажовуз» деб атади ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларининг очиқдан-очиқ бузилиши сифатида қоралади. Баёнотга кўра, ҳужум ҲАМАС Сиёсий бюроси аъзолари истиқомат қиладиган турар-жой биноларига қаратилган бўлиб, бу қатарликлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Расмий Доҳада хавфсизлик кучлари ҳодисанинг оқибатларини бартараф этиш ва тергов ишларини олиб боришга киришган.

Теглар

Мавзуга оид

Расмий Тошкент Исроилнинг Қатарга ҳужумига муносабат билдирди | Vaqt.uz