add

Реклама қонунчилигини бузган тўртта компания жаримага тортилди

Бугун 10:542 дақиқа

Рақобат қўмитаси қурилиш объектларини электрон рўйхатдан ўтказмасдан реклама қилган компанияларга нисбатан молиявий жарима қўллади.

Реклама қонунчилигини бузган тўртта компания жаримага тортилди

Ўзбекистонда реклама қонунчилиги талабларини бузган бир қатор қурилиш компанияларига нисбатан молиявий жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Sam-Ros-Stroy» МЧЖ, «Shaxram Tower» МЧЖ, «Baxora KBM» МЧЖ ҳамда «Business Shopping Center» МЧЖга тегишли турар жой мажмуалари белгиланган электрон рўйхатга киритилмаган. Шунга қарамасдан, мазкур объектлар ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарзда реклама қилинган.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги ПҚ-4732-сон қарори билан тасдиқланган низомга биноан, улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағ жалб этувчи қурувчилар махсус электрон рўйхатга киритилган бўлиши шарт. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда қурилиш объектларини реклама қилиш тақиқланади.

Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, тегишли рухсатнома, лицензия ёки сертификатларсиз товар ва хизматларни реклама қилишга йўл қўйилмайди. Қонун талаблари бузилиши истеъмолчилар манфаатларига жиддий хавф солиши мумкинлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси махсус комиссияси қарор қабул қилди. Унга кўра, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган компанияларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди ҳамда қонунбузилишни тўхтатиш ва келгусида такрорламаслик бўйича кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси ва Марказий банк инфляцияни пасайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва бозорларда соғлом рақобатни кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид