
Риэлторликка доир янги миллий стандарт расман тасдиқланди
Кўчмас мулкни ишончли бошқаришга оид 4-сон риэлторлик стандарти қабул қилиниб, профессионал хизмат кўрсатиш ва шффоф бошқарув бўйича талаблар белгиланди.

Адлия вазирлиги риэлторлик хизматларига оид навбатдаги муҳим ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш» деб номланган 4-сонли Миллий стандарт 2025 йил 11 ноябрда 3701-рақам билан рўйхатдан ўтди.
Ушбу ҳужжат риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектларини мулкдорлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда профессионал асосда бошқаришни мақсад қилган. Хизматлар доирасига ижарага бериш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда молиявий бошқарув (даромад ва харажатлар) каби ишлар киради.
Стандартга кўра, ишончли бошқарувнинг ташкилий асослари, риелтор ва мулкдор ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шартнома тузиш тартиби ҳамда шффофлик ва самарадорлик мезонлари аниқ белгиланган.
Энг муҳим жиҳати — фақат малакали ходимларга эга бўлган ва риэлторларнинг хулқ-атвори кодексига риоя қилувчи ташкилотларгина бу хизматларни кўрсатиши мумкин. Бу талаблар орқали ноқонуний ёки паст сифатли хизматлар олдини олиш мақсад қилинган.
Мазкур ҳужжат нафақат кўчмас мулк соҳасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди, балки бозорнинг барқарор ривожланиши, мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси ва риэлторлик хизматлари сифатини ошириш учун асос яратади.





