Logo

Ривожланаётган давлатлар қарзга ботмоқда: инфляция ва сунъий интеллект уларни босим остида қолдирган

Бугун 18:376 дақиқа

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Бангкокдаги йиғилишларида ривожланаётган мамлакатларни қийнаётган қарз юки, қиммат молиялаштириш ҳамда сунъий интеллект билан боғлиқ хавфларга аниқ ечим топилмади.

Ривожланаётган давлатлар қарзга ботмоқда: инфляция ва сунъий интеллект уларни босим остида қолдирган

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банкининг 12–18 октябр кунлари Таиланд пойтахти Бангкокда ўтган йиллик йиғилишида ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган иқтисодий муаммолар яна кун тартибига чиқди. Хусусан, Яқин Шарқ ва Украинадаги қуролли тўқнашувлар, давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ортиши ҳамда сунъий интеллект лойиҳаларига тикилаётган сармоялар ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий хатарлар муҳокама қилинди.

Бироқ «Reuters» агентлиги таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур анжуман ривожланаётган давлатлар кутган амалий ечимларни бера олмаган. Халқаро молиявий ташкилотлар эса бюджет камомадини камайтириш, иқтисодий ислоҳотларни тезлаштириш ва хусусий сармояларни жалб қилиш каби эски тавсияларини такрорлаш билан чекланди.

Давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари бюджетни заифлаштирмоқда

Йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири давлатларнинг қарз мажбуриятлари бўйича тўловлари ошиб бораётгани бўлди. ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева «Reuters» агентлигига берган изоҳида ривожланаётган мамлакатларда қарзни узиш харажатлари ҳукумат даромадларининг ўртача 14 фоизига етганини таъкидлади. Бу ўн йил олдинги кўрсаткичдан икки баробар кўпдир.

Георгиевага кўра, сўнгги йилларда бу давлатларда қарз даражаси бироз пасайганига қарамай, йирик иқтисодиётлардаги давлат облигациялари даромадлилигининг ошиши улар учун янги қарз олишни янада қимматлаштириб юборган.

Жаҳон банкининг 2025 йил декабр ойида эълон қилинган Халқаро қарз ҳисоботида ҳам муаммонинг нақадар жиддийлиги акс этган. Ҳужжатда келтирилишича, 2022–2024 йиллар оралиғида ривожланаётган мамлакатлар ташқи қарз ва унинг фоизларини узиш учун жалб қилган янги молиявий маблағларидан 741 миллиард доллар кўпроқ харажат қилган. Бу камида сўнгги 50 йил ичидаги энг катта фарқдир.

2024 йилда даромади паст ва ўртача бўлган давлатларнинг умумий ташқи қарзи рекорд даражага — 8,9 триллион долларга чиққан. Ўша йили улар фақатгина қарз фоизларини тўлаш учун 415 миллиард доллар сарфлаган. Жаҳон банкининг қайд этишича, бу маблағларни аслида таълим, бирламчи тиббий ёрдам ва муҳим инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш мумкин эди.

ХВЖнинг 2026 йил 15 октябрдаги таҳлилида ҳам юқори давлат қарзи ва фоиз ставкалари ўртасидаги узвий боғлиқликка эътибор қаратилган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, қарзи кўп мамлакатларда фоиз ставкаларининг кўтарилиши бюджет камомади ва қарз юкини янада оғирлаштиради.

Ташкилот маълумотларига кўра, «Катта еттилик» (G7) давлатларида ўн йиллик давлат облигацияларининг ўртача даромадлилиги феврал ва сентябр ойлари оралиғида бир фоиздан кўпроққа ошган. ХВЖ прогнозларига кўра, глобал давлат қарзи 2030 йилга бориб жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 100 фоизидан ҳам ошиб кетади.

Инфляция, уруш ва иқтисодий ўсишнинг секинлашуви

Қарз муаммоси глобал геосиёсий беқарорлик ва инфляция хавфи фонида янада чуқурлашмоқда. «Reuters» таҳлилида Яқин Шарқ ва Украинадаги урушлар ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий истиқболига соя солаётган асосий омиллар сифатида саналган.

ХВЖ ва Жаҳон банки йиғилишларида диққат марказида бўлган яна бир масала бу — энергия ташувчилар нархи ва глобал молиявий шароитлардаги ўзгаришлардир. ХВЖ мутахассисларининг сўзларига кўра, нефт нархининг ошиши, инфляция босими ҳамда давлат қарзларининг ортиши облигациялар даромадлилигига бевосита таъсир ўтказади.

«Reuters» агентлиги хабарига кўра, Жаҳон банки бош иқтисодчисининг ўринбосари Айҳан Косе ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръати 4,4 фоиздан тахминан 3,6 фоизгача пасайганини айтган. Унинг қайд этишича, жаҳон иқтисодиёти йирик энергетика инқирозини кутилганидан кўра енгилроқ ўтказган бўлса-да, ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг ўсиш истиқболлари аввалгига қараганда сезиларли даражада ёмонлашган.

ХВЖ экспертлари давлат қарзи ва инфляция ўртасидаги узвий боғлиқликни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтди. Инфляция кутилганидан юқори даражада сақланиб қолса, марказий банклар фоиз ставкаларини узоқроқ муддат пасайтирмасдан ушлаб туришга мажбур бўлади. Оқибатда, янги қарзларни жалб қилиш ва эскиларини қайта молиялаштириш янада қимматга тушади.

ХВЖнинг октябр ойидаги ҳисоботига кўра, жаҳон молия бозорларидаги айрим ижобий силжишларга қарамай, катта миқдордаги давлат қарзи, инфляция хавфи ва бозорлардаги кескин тебранишлар ҳамон асосий таҳдид манбаи бўлиб қолмоқда.

Сунъий интеллект: янги иқтисодий имкониятми ёки молиявий хатар?

Бангкокдаги учрашувларда сунъий интеллектнинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳам қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилишича, технология меҳнат унумдорлигини ошириш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва янги сармоявий йўналишларни яратиш борасида улкан салоҳиятга эга. Бироқ соҳага тикилаётган ҳайратланарли даражадаги катта маблағлар молиявий барқарорликка доир жиддий саволларни ҳам юзага келтирмоқда.

ХВЖнинг 2026 йил октябрдаги Глобал молиявий барқарорлик ҳисоботида таъкидланишича, сунъий интеллект билан боғлиқ активлар қадрининг тушиб кетиши молия бозорларида кучли силкинишларни келтириб чиқариши мумкин. Агар мазкур технологияларга йўналтирилган сармоялар ўзини оқламаса ёки соҳадаги ўсиш барқарор давом этмаса, инвесторлар ўз активлари қийматини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади.

Шунингдек, ХВЖ қарз маблағларидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш ҳамда сармояларнинг фақат маълум бир компания ёки тармоқларда тўпланиб қолиши бундай инқирозларни янада кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ривожланаётган давлатлар учун бу жараённинг яна бир оғриқли томони бор: жаҳон бўйлаб сунъий интеллект соҳасига улкан хусусий инвестициялар оқиб келаётган бир пайтда, бу давлатлар инфратузилма, энергетика, таълим каби энг муҳим йўналишлар учун маблағ топишга қийналмоқда.

«Reuters» таҳлилларига кўра, йиғилиш иштирокчилари ривожланаётган давлатлар сунъий интеллект инқилобидан ортда қолиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Шунга қарамай, бу янги технологиянинг аниқ иқтисодий самараси ва келажакдаги таъсирини тўлиқ баҳолаш ҳозирча имконсизлигича қолмоқда.

Хорижий ёрдам қисқармоқда, хусусий капитал эса ҳаммага ҳам етиб бормаяпти

Қолаверса, халқаро ёрдамнинг қисқариб бораётгани ривожланаётган давлатлар учун яна бир бош оғриғига айланган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, 2025 йилда ривожланиш учун ажратилган расмий ёрдам миқдори реал ҳисобда 2024 йилга нисбатан 23,1 фоизга камайган. Бу мазкур ташкилот кузатувлари тарихидаги энг кескин йиллик пасайишдир.

OECD ташкилотининг 2026 йил июн ойидаги прогнозида расмий ёрдам кўрсатиш ҳажми бу йил яна 6,9 фоизга қисқариши тахмин қилинган.

Шу билан бирга, Жаҳон банки ривожланаётган иқтисодиётларга хусусий сармояларни кўпроқ жалб қилиш устида ишламоқда. Банкнинг 2026 йил 17 сентябрдаги ҳисоботига кўра, ташкилот томонидан жалб қилинган хусусий капитал миқдори 2022 йилдаги 35 миллиард доллардан 2026 йилга келиб 112 миллиард долларгача ошган. Бу сўнгги тўрт йил ичида кўрсаткич уч баробардан зиёд ўсганини англатади.

Лекин бу маблағлар турли давлатлар ўртасида нотаксис тақсимланган. Жумладан, ўртача даромади нисбатан пастроқ бўлган мамлакатларга киритилган хусусий капитал 14 миллиарддан 37 миллиард долларгача ошган бўлса, даромади юқорироқ бўлган давлатларда бу кўрсаткич 12 миллиарддан 50 миллиард долларгача етган. Даромади паст бўлган қашшоқ мамлакатларга йўналтирилган сармоялар ҳажми ҳамон 3 миллиард доллар атрофида қолиб кетмоқда.

Анжуман қандай натижа билан якунланди?

«Reuters» таҳлиллари хулосасига кўра, Бангкокдаги йиғилишлар ривожланаётган давлатларнинг асосий муаммоларини ҳал қилиш учун бирор бир янги халқаро ташаббус ёки ечимни тақдим эта олмаган. Жаҳон банки хусусий капитални жалб қилиш, бу давлатларни сунъий интеллект технологияларига мослаштириш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилиш билан чекланган.

Шунга қарамай, қарз тўловларининг ошиб бориши, инфляция босими, геосиёсий беқарорлик ҳамда хусусий инвестицияларнинг адолатсиз тақсимланиши каби оғриқли муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

 

Теглар

Мавзуга оид