9 ойда ўзбекистонликлар кибержиноятлардан 1 трлн сўмдан ортиқ зарар кўрди
2026-йилнинг январь-сентябр ойларида мамлакатда қарийб 70 мингта кибержиноят содир этилди.

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда ахборот технологиялари ёрдамида 69 962 та жиноят содир этилди. Бу ҳақда 9-октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов маълум қилди.
Унинг айтишича, жиноятларнинг асосий қисми электрон тўлов тизимлари орқали фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ.
Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саъдуллаевнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида кибержиноятлар оқибатида фуқароларга 1 трлн сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Тергов ҳаракатлари давомида эса 210 млрд сўмдан ортиқ маблағ эгаларига қайтарилган.
Фирибгарликнинг тўрт усули
Саъдуллаев ҳозирда фирибгарлар аҳоли маблағларини асосан тўртта усулда ўзлаштираётганини айтди. Энг кенг тарқалган усул зарарли АПК файллар орқали амалга оширилади. Унинг маълум қилишича, кибержиноятларнинг қарийб 50 фоизи шундай файллар билан боғлиқ.
Фирибгарлар зарарли дастурларни тўй таклифномаси, фотосурат ёки таъзия хабари кўринишида юбориши мумкин. «Агар биз мана шу вирусни бугун тўхтатадиган бўлсак, ундан жабр кўраётган 50 фоиз халқни сақлаб қолган бўламиз», — деди Саъдуллаев.
Иккинчи кенг тарқалган усул — сохта ҳаволалар. Шунингдек, фирибгарлар қисқа вақтда пулни бир неча баравар кўпайтиришни ваъда қилувчи сохта инвестиция платформаларидан фойдаланади.
Киберҳужумлар асосан мамлакатдан ташқарида содир этиляпти
Рамазон Ашроповнинг айтишича, Ўзбекистонда содир этилаётган кибержиноятларнинг 90 фоизи чет давлатлардан туриб, трансчегаравий тарзда амалга оширилмоқда.
У фуқароларни ижтимоий тармоқлар орқали келган номаълум файлларни, айниқса АПК форматдагиларни очмаслик ва юклаб олмасликка чақирди. Файл яқин инсондан келган бўлса ҳам, унинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиш зарур.
Ашропов, шунингдек, телефон орқали шахсий маълумотлар, парол ва тасдиқлаш кодларини сўрайдиган шахслардан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.
Саъдуллаев эса пул ноқонуний ечиб олинганини сезган фуқароларни дарҳол 102 рақамига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, тезкор хабар бериш маблағни сақлаб қолиш имкониятини оширади.





