add

Россия империясининг миллиардлаб қарзи яна кун тартибига чиқди

Бугун 11:382 дақиқа

АҚШдаги инвестиция фонди Россиядан асрлик облигациялар бўйича 225 млрд долларлик қарзни талаб қилди ва бу музлатилган активлар атрофидаги баҳсни янада кучайтирди.

Россия империясининг миллиардлаб қарзи яна кун тартибига чиқди

АҚШнинг «Noble Capital RSD» инвестиция фонди федерал судга даъво аризаси киритиб, Россия Федерациясидан 225,8 млрд доллар ундиришни талаб қилди. Даъво Россия империяси томонидан 1916 йилда чиқарилган облигациялар бўйича қарз мажбуриятларини замонавий Россия давлати зиммасига юклашга қаратилган, деб хабар бермоқда «РБК».

Иш доирасида жавобгар сифатида Россия Федерацияси, Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаровонлик жамғармаси кўрсатилган. Фонд даъво аризасида Россия империяси қарзлари ҳуқуқий ворислик асосида ҳозирги давлат зиммасига ўтганини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, ушбу мажбуриятлар хорижда музлатилган Россия суверен активлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

Даъвода, хусусан, 2014 йилда Қримнинг аннексия қилиниши ва кейинчалик Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг музлатилган активлар тилга олинган. Гап Марказий банкка тегишли, Ғарб мамлакатларида блокланган катта ҳажмдаги маблағлар ҳақида кетмоқда. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу активларнинг умумий қиймати 260 млрд евро атрофида бўлиб, уларнинг асосий қисми Бельгияда жойлашган «Euroclear» депозитарийсида сақланмоқда.

Бироқ «РБК» суҳбатлашган ҳуқуқшунослар ушбу даъвонинг амалий истиқболини жуда паст баҳоламоқда. Уларга кўра, «Noble Capital»нинг асосий мақсади Россиядан реал равишда пул ундириш эмас, балки АҚШ ҳукуматига музлатилган активлардан фойдаланишнинг «хусусий-ҳуқуқий» сценарийсини таклиф этишдир. Бу йўл орқали активларни сиёсий қарорларсиз, суд механизмлари воситасида йўналтириш мумкинлиги намойиш этилмоқда.

Европа Иттифоқи эса 2025 йил декабрида Россия активларини уруш тугаб, Украинага етказилган зарар қопланмагунча муддатсиз музлатиб туришга қарор қилди. Бироқ ушбу маблағларни тўғридан тўғри Украина фойдасига ишлатиш масаласида ҳали ҳам ягона сиёсий келишув мавжуд эмас.

Натижада, асрлик империя қарзлари атрофидаги даъво нафақат юридик, балки геосиёсий баҳснинг ҳам бир қисмига айланиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид