
Россия Қирғизистонда ҳам АЭС қурмоқчи
Россия президенти Бишкекка ташрифи чоғида Москва Қирғизистон учун атом электр станцияси қуриши мумкинлигини маълум қилди.

Москва ва Бишкек Қирғизистондаги илк атом энергетикаси лойиҳасини ишга тушириш масаласини муҳокама қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистонга ташрифи чоғида Москва мамлакатда кичик модулли реакторлардан фойдаланган ҳолда атом электр станцияси қуриш имкониятини ўрганаётганини маълум қилди. У лойиҳа ҳозирча муҳокама босқичида эканини, якуний қарорни эса Қирғизистон ҳукумати қабул қилиши лозимлигини таъкидлади.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия компаниялари аллақачон Қирғизистон энергетика тизимида фаолият юритмоқда. Россия республика истеъмолчиларига электр энергияси етказиб бермоқда, мамлакат дарёларида гидроэлектр станцияларини лойиҳалаш ва модернизация қилишда иштирок этмоқда. Россиянинг «Росатом» атом давлат корпорацияси ўтмишдаги ишланмаларнинг экологик оқибатларини камайтириш мақсадида собиқ уран қазиб олиш майдонларини рекултивацёия қилиш дастурини амалга ошираётганини Путин қўшимча қилди.
Шу билан бирга, бошқа қўшма лойиҳалар ҳам муҳокама этилмоқда. Томонлар Иссиқкўл вилоятида йирик қуёш электр станциясини, Қирғизистон шимолида эса янги иссиқлик электр марказини қуришни режалаштирмоқда. Россиянинг ТАСС агентлиги хабар беришича, ушбу иншоотлар мамлакатнинг энергия балансини кенгайтириши ва айниқса қиш ойларида мавсумий электр узилишларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачев май ойидаёқ давлат корпорацияси Бишкек лойиҳа параметрларини белгилаши биланоқ кичик атом станцияси қурилишини бошлашга тайёр эканини айтган эди. Гап РИТМ-200Н қурилмаси асосида 110 дан 440 мегаваттгача қувватга эга бўлган блокли атом электр станцияси ҳақида бормоқда. Россия шунга ўхшаш технологияларни Ўзбекистон ва Мянмада жорий этмоқда, Ёқутистонда эса фойдаланмоқда.
Қирғизистон расмий органлари эҳтимолий сценарийларни таҳлил қилишда давом этаётганини маълум қилди. Улар қурилиш қиймати, молиялаштириш шартлари, ўзини қоплаш муддатлари ва хавфсизлик талабларини баҳолашлари зарур. Шунингдек, ишлатилган ядро ёқилғиси билан муомала қилиш ва объектни узоқ муддатли назорат қилиш масалалари алоҳида муҳокама этилмоқда.
Энергетика вазирлиги станция учун жой қидираётганини маълум қилди, бироқ аҳоли розилигисиз ишлар бошланмаслигини таъкидламоқда. Жамиятда эса ягона нуқтаи назар мавжуд эмас. Кўпчилик аҳоли бой сув ресурслари ва анъанавий энергия қувватларининг етарлилигини ҳисобга олган ҳолда АЭСнинг зарурлигига шубҳа билдирмоқда.
Қирғизистоннинг 24.кг портали ёзишича, экспертлар лойиҳанинг юқори нархига ҳам эътибор қаратмоқда: АЭСнинг хизмат муддати 60 йилдан ошмайди, битта станцияни демонтаж қилиш эса 500 миллион долларга тушиши мумкин. Шу билан бирга, Қирғизистон эҳтиёжларини қоплаш учун иккита АЭС зарур бўлади ва янги станцияларни ҳар 25-50 йилда қуриш талаб этилади.





