Саида Мирзиёева Ҳиндистонга борди

Бугун 12:282 дақиқа

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ҳиндистонга ташрифи муносабати билан ташкил этилган қабул маросимида қатнашди.

Саида Мирзиёева Ҳиндистонга борди © Саида Мирзиёеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ҳиндистонга ташрифи муносабати билан Ню-Деҳли шаҳрида уюштирилган қабул маросимида қатнашди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.

«Америкалик ҳамкорларимиз билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги инвестицияларни жалб этиш бўйича жонли ҳамда мазмунли мулоқотимизни давом эттириш имкониятидан мамнунман», – деб ёзади Мирзиёева.



Саида Мирзиёева эълон қилган расмдан кўриш мумкинки, маросимда Марко Рубио билан бирга АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси Сержио Гор ҳам қатнашган. У ҳам «Х»даги саҳифасида пост қолдириб, Саида Мирзиёевага миннатдорлик билдирган.

«Менинг азиз дўстим Саида Мирзиёевага Тошкентдан келиб, ушбу оқшомда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио шарафига ташкил этилган махсус кечки зиёфатда иштирок этгани учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз энг юқори даражадаги алоқаларга чиққан», – дейди Гор.



Сержио Гор ва Саида Мирзиёеванинг олдинги учрашувлари

Ўтган йили октябр ойида Сежио Гор Тошкентга келган ва Саида Мирзиёева билан музокара ўтказганди. Кейинги ойда Саида Мирзиёева ва Сержио Гор янги ташкил этилган АҚШ–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ҳамраислари этиб тайинланди.
Жорий йил феврал ойида Тошкентда ушбу кенгашнинг очилиш йиғилиши бўлиб ўтди. Сержио Гор ва Саида Мирзиёева бошқа кўплаб мавзулар қаторида икки давлат ўртасида тижорат дипломатиясини кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Апрел ойида эса Саида Мирзиёева АҚШ президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида Сержио Гор билан учрашди. Бу сафар томонлар мулоқот давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Кейин Мирзиёева Вашингтонга ҳам борди. У Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу кенгаш Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришга хизмат қилади. Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди.
18-май куни Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси IPO жараёнини бошлашига бағишланган маросим бўлиб ўтди ва Саида Мирзиёева унда иштирок этди. Тадбирда Сержио Гор ҳам кўриниш берди. Кейинчалик Гор Мирзиёева билан ҳам учрашди. Мулоқот давомида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболларига тўхталиб, олдинга қўйиладиган қадамлар борасида аниқ келишиб олингани айтилди.

Теглар

Мавзуга оид