Саида Мирзиёева театрлардаги муаммоларни ўрганди, «Реал Санжик» қамалдими? Гулнора Каримова суди тўхтатилди — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Саида Мирзиёева таьмирталаб театрларни шахсан кўздан кечирди. Прокурор «Реал Санжик»га 5 йил қамоқ жазоси сўради. Гулнора Каримова устидан суд иши тўхтатилди. Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашди. Андижонда аттракцион қулади.
Ўртача иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашди
Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 7 миллион сўмга яқинлашди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 6 миллионни ташкил этган эди. Ортда қолаётган ҳафтада Миллий статистика қўмитаси кўпчиликнинг диққатини тортган ҳисоботини эълон қилди: 2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, мамлакатда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 млн 800 минг сўмдан ошган. Гарчи маошлар ўтган йилга нисбатан 17,4 фоизга ўсган бўлса-да, оддий халқ орасида «бу рақамлар кимнинг чўнтагида?» деган савол ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Ҳудудлар бўйича таҳлил иш ҳақлари ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади. Энг юқори маош Тошкент шаҳрида қайд этилган — 11 684,3 минг сўм. Энг кам маош эса Қашқадарё вилоятида (4,6 млн сўм) бўлди. Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори иш ҳақи банк ва молия соҳасида сақланиб қолмоқда — 18 595,8 минг сўм. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида ҳам юқори маошлар кузатилмоқда — 16 525,4 минг сўм. Бу соҳада йиллик ўсиш 18,2 фоизни ташкил этган. Энг паст маошлар анъанавий равишда ижтимоий соҳалар – соғлиқни сақлаш ва таълимда.
Мирзиёева учта театрни кўздан кечирди
Ёдингизда бўлса, 23-апрел куни «Туркистон» саройида Президент администрацияси вакиллари ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида санъаткорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтганди. Мулоқотдан сўнг ОАВга интервю берган вазир Назарбеков учрашувда санъаткорлар томонидан тайинли гап айтилмаганини билдирганди.
Буни қарангки, айнан ўша куни тармоқларда яна бир видео пайдо бўлди. «Уздипломат»да эълон қилинган видеода айнан мажлис бўлиб ўтган «Туркистон» саройи олдида туриб ўзлари ишлайдиган Ёш томошабинлар театридаги шароитлар яхши эмаслигини айтган театр актрисалари акс этган.
Айнан ўша кунларда Театр арбоблари уюшмаси томонидан айнан Ёш томошабинлар театридаги замонавий шароитларни кўрсатувчи видео эълон қилинди. Бу видеода театрнинг ёш актёрлари заллардаги технология ва шароитлардан мамнун эканини айтган.
Ҳа, бу бир театр ҳақидаги бир-бирининг аксини англатувчи икки хил ҳикоя.
Бу ҳафта эса Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг шахсан ўзи Тошкент шаҳридаги бир қатор маданий объектлар ва театрларнинг жорий ҳолати билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида пойтахтдаги театрларнинг ижодий салоҳияти юқори бўлса-да, уларнинг бинолари ва моддий-техник базаси давлат кўмагига муҳтожлиги аниқланди.
Хусусан, Муқимий ва Ёшлар театрлари ҳамда «Арена» ётоқхонаси бинолари таъмирталаб экани, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида эса қўлёзмаларни рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди. Саида Мирзиёева шароитларни яхшилаш репертуар ва сифатга ижобий таъсир қилишини таъкидлаб, муассасаларни тиклаш ва молиялаштириш ишларини шахсий назоратига олди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева шу ҳафтада Хоразм вилоятининг Хонқа туманида қаровсиз ташлаб қўйилган боғчада бўлди ва келгусида ҳар бир муассаса ўзининг тўлақонли шароитига эга бўлишини маьлум қилди.
«Реал Санжик» иши: Прокурор блогерга 5 йил қамоқ жазоси сўради
Ортда қолаётган ҳафтада жамоатчилик эътиборида бўлган автоблогер «Реал Санжик», яъни Санжар Каримов устидан давом этаётган суд терговининг янги тавсилотлари элон қилинди. 1-май куни бўлиб ўтган мажлисда давлат айбловчиси музокара нутқини ўқиб, суддан блогерни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўради.
Маълумки, Санжар Каримов Жиноят кодексининг бир нечта оғир моддалари, хусусан, фирибгарлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланмоқда. Мазкур шов-шувли ишнинг асосида тошкентлик оиланинг уйини алдов йўли билан расмийлаштириб олиш воқеаси ётибди.
Блогер олдинги суд мажлисларидан бирида уйидан топилган гиёҳванд моддаларни марҳум отасига тегишли бўлганини ва уларни сотиш нияти бўлмаганини иддао қилган. Шунингдек, ҳимоя томони тинтув жараёнида қатор қонунбузарликларга йўл қўйилганини, рухсат олинмаган хоналар ҳам текширилганини таъкидламоқда.
Санжар Каримов низоли уйни жабрланувчи Олимбоевалар оиласига қайтариб бериш истагини билдирди. Прокурор ҳам ўз нутқида бу ҳолат жазони енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олинишини сўраган.
Швейцария суди Гулнора Каримова устидан суд ишини тўхтатди
Бу ҳафта Швейцария Федерал жиноий суди Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган пул ювиш бўйича жиноят ишини расман тўхтатди. Суд мазкур қарорни процессуал тўсиқлар, хусусан, айбланувчининг судда шахсан иштирок этиш имконияти йўқлиги билан изоҳлади.
Маълум қилинишича, Каримованинг Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётгани ва унга Швейцарияга келиш учун рухсат берилмагани ишни кўриб чиқишни имконсиз қилиб қўйган. Унинг адвокати Грегуар Манжанинг таъкидлашича, Швейцария қонунчилигига кўра, ишни бундай асос билан тугатиш амалда оқловга тенг ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2000-йилларда телекоммуникация компанияларидан пора олиш ва юзлаб миллион долларни хорижий ҳисоб рақамларига ноқонуний ўтказишда айбланаётган эди. Ҳозирда унинг музлатилган активларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувлар ўз кучида қолмоқда, Каримованинг ўзи эса 2028-йилгача Тошкентда жазо ўташи белгиланган. Даъво муддатининг тугаши ва мазкур суд қарори келгусида вазиятни қандай ўзгартириши кузатилмоқда.
Фарғона водийсида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди
Тошкент — Хива — Тошкент йўналишида «Жалолиддин Мангуберди» номли янги юқори тезликдаги электропоезд 3-майдан қатновни бошлайди.
Янги поезд ишга туширилиши натижасида икки шаҳар ўртасидаги сафар вақти аввалги 13 соатдан 7 соат 31 дақиқагача қисқаради.
Дастлабки маълумотларга кўра, бир томонлама чипта нархи 780 минг сўм этиб белгиланган.
Таркиб еттита вагондан иборат бўлиб, тахминан 390 нафар йўловчига мўлжалланган. Поезд соатига 260 км тезликда ҳаракатланади ва VIP, бизнес ҳамда эконом синфларда хизмат кўрсатади.
Аттракцион қулади
Якунланаётган ҳафтада Андижон шаҳридаги «Боғишамол» дам олиш мажмуасида мудҳиш ҳолат юз берди: 26-апрел куни боғдаги аттракционлардан бирининг занжири узилиб кетиши натижасида ичида одамлар бўлган қурилма ерга қулади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеокадрларда аттракцион қисмлари сочилиб кетгани ва атрофдагилар орасида катта ваҳима юзага келгани акс этган.
Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар сони бўйича маълумотлар турлича бўлиб, гувоҳлар камида 7 киши жароҳатланганини иддао қилган бўлса, Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расман 2 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олганини маълум қилди.
Эътиборли жиҳати, бундан икки йил аввал айнан шу боғда аттракцион трубаларининг скотч билан маҳкамлангани акс этган видео тарқалиб, хавфсизлик масаласи кескин танқид қилинган эди. Ҳозирда мутасаддилар аттракционнинг қулаш сабабларини ўрганмоқда, воқеа эса истироҳат боғларидаги хавфсизлик ҳолатини яна кун тартибига чиқарди.
Энергетика вазири ва Отабек Бакиров низоси
Ортда қолаётган ҳафтада иқтисодчи Отабек Бакиров ва Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасидаги ҳуқуқий зиддият қайта жонланди. Бакировнинг Энергетика вазирлиги томонидан яратилган, автомобилларга бензин ва метан қуйиш шохобчаларининг очиқ-ёпиқлиги тўғрисидаги маълумот берувчи «Avto24» иловасини танқид қилиб, 2024-йилда ёзган постлари устидан вазир Мирзамаҳмудов ИИББга ариза бериб келган. ИИББ жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ деб, Мирзамаҳмудовнинг қайта-қайта мурожаатлари асосида иш очишни ҳар сафар рад қилиб келган.
Бироқ энг сўнгги аризага кўра, прокуратура қарори билан иш яна тикланган. Бунга экспертлар ниҳоят «обрўсизлантириш аломатлари бор» қабилида хулоса бергани сабаб бўлган.
1-май куни (........)
Эслатиб ўтамиз, бу вазирнинг блогер устидан қилган иккинчи шикояти бўлиб, аввалги ҳолат юзасидан экспертлар «ҳақорат аломатлари йўқ» деб хулоса берган эди. Ушбу «вазир ва иқтисодчи» дуэлининг ҳуқуқий якуни жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.
Ўзбекистон ярим йилдан бери олтин сотмаяпти
Ортда қолаётган ҳафтада мамлакат ташқи савдо айланмасига оид муҳим статистик маълумотлар очиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон кетма-кет олтинчи ойдирки, олтин экспортини амалга оширмаяпти. Олтин сотувининг тўхтатилгани сабабли мамлакатнинг умумий экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 30 фоизга пасайиб, 5,8 млрд долларни ташкил этди.
Марказий банк мазкур вазиятни олтин захираларини юқори даражада сақлаб туриш стратегияси билан изоҳлади. Эътиборли жиҳати, март ойида олтин нархи бир унция учун 4 400 долларгача арзонлашган бўлса-да, аввалги ойлардаги тарихий рекорд нархларда ҳам сотувлар амалга оширилмаган.
Шу билан бирга, ташқи савдода Хитой етакчилигини мустаҳкамламоқда — жами савдонинг тўртдан бири айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келади (4,6 млрд доллар). Иккинчи ва учинчи ўринларни Россия ва Қозоғистон эгаллаб турибди. Гарчи экспорт камайган бўлса-да, импорт ҳажми 30 фоиздан зиёдга ўсиб, 12,2 млрд долларга етгани ташқи савдо балансидаги тафовутни оширган.
Теглар






