
Самарқандда чорва молларида номаълумлигича қолаётган юқумли касаллик тарқалишда давом этяпти
Аввалроқ Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг расмий изоҳида қорамолларда юқумли касаллик тарқалаётгани рад этилганди. Бироқ ҳудудларда аҳоли учун номаълумлигича қолаётган юқумли касаллик тарқалишда давом этяпти.

Аввалроқ ҳам Vaqt.uz нашри Самарқанд вилоятида чорва моллари орасида нодуляр дерматит (тери касаллиги) тарқалаётгани ва нобуд бўлиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида материал эълон қилган эди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бу касаллик республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу хабарлар а чиқишлар ортидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов расмий изоҳ бериб, бу хабарларни «ёлғон ва уйдирма», деган эди.
Аммо Vaqt.uz’га маълум қилинишича, бу касаллик чорва моллари орасида ҳамон тарқалмоқда. Касалликка чалинган қорамолларни даволатишга катта маблағ сарфланяпти. Ҳатто қорамолларнинг нобуд бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

«Яқинда катта сигирим касал бўлди. Кўп пул сарфлаб икки ҳафталар деганда зўрға оёққа турғизиб олганимизда, кичкина бузоқчаси ҳам шунақа касал бўлиб қолди. Энди уни даволатяпмиз», дейди аҳоли вакилларидан бири.
Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи аҳолининг таъкидлашича, қорамоллар дерматит билан бирга оқсим касаллигига ҳам чалинмоқда. Ҳатто оқсил касаллиги учун ҳам ёппасига мажбурий тартибда эмлаш ишлари олиб борилгани йўқ.
Айтилишича, яйловларда боқиладиган чорва моллари сонида ҳам бир неча ой аввалгига нисбатан анчайин камайиш кузатилмоқда.
«Ветеринарларни даволатиш учун чақирамиз десак, деярли ҳаммаси банд. Қишлоқларда касал қорамоллар кўпайиб кетган. Бошқа қишлоқларда яшайдиган қариндошларимиз ҳам касаллик тарқалаётганини айтишяпти», дейди фуқаролардан бири.
Бундай юқумли касалликлар кенг тарқалаётган пайтда ҳам қорамоллар сўйилиб, гўшт маҳсулотлари аҳолига сотилиши ва бунинг устидан ҳеч қандай назорат ўрнатилмаётгани табиий эътирозларга сабаб бўлади.

«Ветеринария тўғрисида»ги қонунга кўра, идоравий ветеринария хизмати мутахассислари ҳам, хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчилар ҳам ҳайвонларда юқумли касаллик борлигида шубҳа бўлганда, бу ҳақда давлат ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилиши ва касаллик доираси кенгайиб кетмаслиги учун барча зарур чора-тадбирларни кўриши лозим. Аммо юқорида келтириб ўтилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган ветеринарлар ё касаллик ҳақида тегишли ташкилотларга хабар беришмаяпти, ё масъул идоралар бунга жиддий қарамаяпти.
Шунингдек, «Ветеринария тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси 10-бандида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ветеринар осойишталикни таъминлаш, ҳайвонлар юқумли касалликларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва улар тарқалишининг олдини олишга доир профилактика ишларининг самарадорлиги юзасидан мониторингни амалга ошириши белгилаб қўйилган. Лекин қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан аҳоли учун номаълумлигича қолаётган юқумли касалликнинг олдини олиш бўйича ҳеч қандай чора-тадбир амалга оширилгани йўқ.
Эътиборли жиҳати шундаки, қўмита матбуот котибининг расмий муносабатида чорва молларида нодуляр дерматит тарқалгани рад этилган. Лекин чорва молларида кузатилаётгани нодуляр дерматит бўлмаса, унда қандай касаллик эканлиги ҳақида ҳам изоҳ берилмаган.
Ҳудудларда эса чорвалар касалланишда давом этмоқда.
Теглар






