add

Саноат корхоналарида озиқ-овқат ишлаб чиқариш етакчилик қилмоқда

26.11.2025 | 11:291952 дақиқа

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда 58,6 минг саноат корхонаси фаолият юритмоқда ва уларнинг катта қисми озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга тўғри келади.

Саноат корхоналарида озиқ-овқат ишлаб чиқариш етакчилик қилмоқда

Миллий статистика қўмитаси 2025 йил 1 ноябр ҳолати бўйича республикада фаолият юритаётган саноат корхоналари ҳақидаги янгиланган маълумотларни эълон қилди. Маълумотларга кўра, мамлакатда умумий ҳисобда 58,6 мингта саноат корхонаси рўйхатдан ўтган бўлиб, улар иқтисодиётнинг турли йўналишларида фаол ишлаб чиқаришни амалга оширмоқда.

Энг йирик улушни озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар эгаллаган. Бу йўналишда 11,7 мингта корхона фаолият юритмоқда.

Иккинчи йирик йўналиш — бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлиб, бу сегментда 8,2 мингта корхона фаолият кўрсатмоқда. Қурилиш материаллари бозорининг кенгайиши ва инфратузилма лойиҳаларининг кўпайиши мазкур тармоқдаги корхоналар сони ўсишига асосий омил бўлмоқда.

Кийим ишлаб чиқариш соҳаси ҳам саноат таркибида муҳим ўринга эга. Ушбу йўналишда 5,8 мингта корхона фаолият юритмоқда. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига эса 3,6 мингта корхона тўғри келади. Экспортга йўналтирилган текстиль ва енгил саноат маҳсулотларига бўлган талаб ушбу сегментни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тайёр металл буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида 4,7 мингта, мебел ишлаб чиқаришда 4 мингта корхонанинг мавжудлиги саноатда диверсификация даражаси юқори эканини кўрсатади. Резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқарувчи 2,8 мингта корхона эса автомобилсозлик, қурилиш ва маиший эҳтиёжлар учун муҳим хомашё таъминотини амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси атмосфера ҳавоси ифлосланишини бартараф этиш мақсадида саноат корхоналари зиммасига бир қатор кечиктириб бўлмас мажбуриятларни юклаган.

Теглар

Мавзуга оид