add

Сенат хавфли пиротехника буюмларини муомаладан чиқариш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Янги қонунга кўра, Ўзбекистонда пиротехника буюмлари хавфлик даражасига кўра беш тоифага ажратилади. Фақат хавфсизлиги юқори бўлган I тоифадаги буюмлар — бенгал маёқчалари, стол фонтанлари ва хлопушкалар эркин муомалада бўлади, қолган барча пиротехника воситалари фуқаролар учун тақиқланади.

Сенат хавфли пиротехника буюмларини муомаладан чиқариш ҳақидаги қонунни маъқуллади

2025 йил 1 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида «Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Ҳужжат пиротехника буюмларининг хавф даражаси ва улардан фойдаланиш қоидаларини аниқ белгилаб беради.

Қонунга мувофиқ, пиротехника буюмлари хавфлиликнинг I — V тоифаларига бўлинади. I тоифадаги буюмлар — хавфли ҳудуд радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган воситалар бўлиб, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш эркин амалга оширилади.

II тоифадаги буюмлар — петардалар, очиқ майдонларда фойдаланиш учун мўлжалланган фонтанлар каби хавфли ҳудуд радиуси 5 метргача бўлган воситалар ҳисобланади. Уларнинг муомаласи фуқаролар ва юридик шахслар учун тўлиқ тақиқланади.

Хавфлиликнинг III — V тоифаларидаги буюмлар — мушакбозлик батареялари, парк феерверклари, ракеталар ва сигнал машъаллари бўлиб, улардан фақат давлат буюртмаси асосидаги оммавий тадбирлар ёки ҳарбий ва саноат мақсадларда фойдаланишга рухсат берилади.

Қонунга кўра, пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, ноқонуний ишлаб чиқариш ёки сақлаш ҳолатларига қарши чоралар кўриш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш вазифаси улар зиммасига юкланади.

Маъмурий жавобгарлик кодексига ҳам ўзгартиш киритилади: пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жарима миқдори беш бараваридан йигирма бараваригача бўлган миқдордан 15–25 бараваргача оширилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунни маъқуллагану ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид