
Энди сунъий интеллект ёрдамида яратилган ишларда манба кўрсатилмаса жавобгарлик белгиланади
Олий Мажлис Сенати 2025 йил 1 ноябр куни сунъий интеллектни қўллаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи янги қонунни маъқуллади.

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Янги қонунга мувофиқ, энди сунъий интеллект ёрдамида яратилган ҳар қандай материал — матн, фото, видео ёки аудиоларда бу технологиядан фойдаланилгани ҳақида махсус белги қўйилиши шарт. Масалан, агар реферат, расм ёки видеони ChatGPT ёрдамида яратилган бўлса, бу ҳақда очиқ ёзилиш керак бўлади.
Қонунга кўра, сунъий интеллект орқали шахсий маълумотларни ноқонуний қайта ишлаш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади. Бунинг учун 50 дан 100 базавий ҳисоблаш миқдоригача жарима, ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ, шунингдек, фойдаланилган техник воситани мусодара қилиш жазоси белгиланади.
Қонун орқали сунъий интеллект” тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилди, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинади, шунингдек, ушбу соҳада махсус ваколатли орган фаолияти белгиланади. Ҳужжатда ахборот тизимлари ва ресурсларида сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидалари ҳам белгиланган.
Сенаторлар таъкидлашича, янги қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, сунъий интеллект соҳасини қонуний асосда ривожлантириш учун муҳим қадам бўлади.
Аввалроқ Сенат дала четларига экин экмаган фермерларга уч баробар солиқ жорий этишни назарда тутувчи қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик.





